Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида 18 январь чилласи чиқмаган келин-куёв газдан заҳарланиб вафот этди, дея пост қолдирди ҳуқуқ фаоли Абдураҳмон Ташанов ўзининг Facebook`даги саҳифасида.

Унинг маълум қилишича, Олтинсой қишлоғида ярим тунда газ тармоқдан узилган ва қайта ёқилган. Олов ўчгач, сизган газ туфайли уйқудаги келин-куёв заҳарланган. Улар эрталаб хонадонида ўлик ҳолда топилган.

«Туман газ идораси аза бошланмасидан хонадон эгаларини техника хавфсизлигига риоя қилмасликда айблаб, далолатнома тўлдириб кетишди. Ўлганлар даъво қилолмайди: ҳеч ким газни нега бемаҳал уздинг, нега огоҳлантиришсиз ёқдинг, деёлмайди… Ўша куни қишлоққа ҳоким келган экан. Газчилар бу валломатга яхши кўриниш учун газни баландлатиб, масхарабозлик қилишган. Кечаси чегириб қоламиз, деганми, билмайман. Одамлар ўлиши учун уруш бўлиши шарт эмас», — деб ёзади Ташанов.

Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов «Газета.uz»га ҳолат юзасидан маълумот берди.

Самарқанд прокуратурасининг айтиши бўйича воқеа 4 кун олдин бўлган экан. Ота-онаси кўмиб юборган ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига бу ҳақда хабар берилмаган. Ҳозирда прокуратура шу масала билан шуғулланяпти, дейилади муносабатда.