Қашқадарё вилояти Касби туманида бир оиланинг 4 нафар аъзоси ис газидан заҳарланиб вафот этди. Бу ҳақда «Газета.uz»га Бош прокуратура матбуот хизмати маълум қилди.

23 январь куни туманнинг «Қамаши» маҳалла фуқаролар йиғинидаги «Қамаши» қишлоғида фуқаро Д.Л.нинг яшаш хонадонида қўлбола усулда тайёрланган иситиш печидан табиий газ ёниши натижасида ис гази ҳосил бўлган. У дудбурон орқали хона ичига сизиб чиқиши оқибатида хонада ухлаб ётган — 1992 йилда туғилган Д.Л., 1995 йилда туғилган турмуш ўртоғи Д.Қ ҳамда 5 ва 3 ёшли фарзандлари ис газидан заҳарланиб вафот этган.

Д.Л. ва оила аъзоларининг ўлим сабабини аниқлаш мақсадида судга оид тиббий экспертизаси тайинланган.

Ҳодиса юзасидан Касби тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.