13 октябрь куни Бишкекда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) давлат раҳбарлари кенгаши мажлиси бўлиб ўтади. Бу ҳақда Қирғизистон президенти администрацияси ташқи сиёсат бўлими мудири Муратбек Азимбакиев маълум қилди.

Садир Жапаров раислигида ўтадиган тадбир давомида ҳамдўстликка аъзо давлатлар ўртасида савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлашга қаратилган муҳим қарорлар қабул қилинади, дейилади хабарда.

МДҲнинг мазкур саммитида ҳамдўстлик давлат раҳбарлари иштирок этиши кутилмоқда.

«Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, жорий йилда Қирғизистон МДҲ органларига раислик қилмоқда», — дейди Муратбек Азимбакиев.

Шавкат Мирзиёев 2022 йилнинг 26−27 декабрь кунлари Санкт-Петербургда ўтган МДҲга аъзо давлатлар раҳбарлари норасмий саммитида иштирок этганди.