Татаристоннинг Kama компаниясининг Atom электромобили Ўзбекистонда йиғилиши мумкин. Бу ҳақда Россия иқтисодий ривожланиш вазири ўринбосари Дмитрий Вольвач Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги минтақалараро ҳамкорликнинг учинчи форумида маълум қилди, дея хабар бермоқда «Вечерняя Казань» нашри.

Унинг сўзларига кўра, ўзбекистонлик ҳамкорлар Atom`ни кенг кўламли йиғишни йўлга қўйишга қизиқиш билдиришмоқда, кейин эса бу автомобиль ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш режалаштирилмоқда.

«Мен бу машинани илк бор шу ерда, Қозонда кўрдим. Бу электромобиль қанчалик илғор ва сифатли эканлиги мен учун кашфиёт бўлди», — дейди Вольвач машина ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашар экан.

Автомобилни ишлаб чиқиш КамАЗ раҳбари Сергей Когогин томонидан асос солинган Кама компанияси томонидан амалга оширилади.