Тошкентдаги ва Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарларидаги бир қатор мактабларда тажриба тариқасида ўқувчилар билимини баҳолашнинг 5 баллик тизими ўрнига мезонга асосланган — 100 баллик баҳолаш тизими жорий этилди.

Пойтахтнинг Мирзо Улуғбек туманидаги мактаб ўқувчиларининг ота-оналари янги тизим жорий этилишидан ташвишда эканликларини маълум қилди. Улар мазкур тизим мактаб ўқувчилари учун мўлжалланмаган, уни жорий этиш учун эса етарлича тайёргарлик кўрилмаган, деб ҳисобламоқда.

Ота-оналар учун ижтимоий тармоқда очилган гуруҳлардан биридаги суҳбатда шундай деб ёзишмоқда: «Мен шуни тушундимки, педагоглардан ҳеч бири бу тизимни билмайди. Чорак охирига етяпти, ҳеч кимнинг парвойига келмаяпти. Бутун чорак давомида бажарилган уй вазифалари ва синф ишлари учун фақат 10 балл бериляпти. Уйда бажариш учун эса кам нарса беришмайди. Бизникилар тунги биргача дарс қилиб ўтиради, охир-оқибат ўқитувчи „см“ („кўрилди“ — таҳр.) деб ёзиб, имзо қўяди».

«Шундай экан, бунчалик кўп уй вазифаси бериш нимага керак? Болалар уй вазифасини бажаришдан бош торта бошлаяпти. Назорат иши учун 25 балл бериляпти ҳамда бу ўқитувчининг субъектив баҳоси ва ёндашувига боғлиқ. Назорат иши ўтказилган куни бола ўзини ёмон ҳис қилиши, кайфияти йўқ бўлиши, назорат ишидан қўрқиши ва ёмон ёзиши мумкин. Бу каби ҳолда, бундай назорат иши унинг билими тўғрисида ҳеч нарсани кўрсатиб бермайди. Бу — баҳолар учун кураш эмас, балки адолат учун кураш. Нима учун бизнинг мактабимизда тажриба ўтказиляпти?» — дея савол билан юзланади ота-она.

«Газета.uz» Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги ҳузуридаги Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш илмий-амалий маркази директори, лойиҳа муаллифи Дилрабо Давидова билан янги тизимнинг мазмун-моҳияти, тажриба учун мактаблар қандай тамойил асосида танлаб олингани ва мазкур тажрибадан кўзланган пировард мақсад нимадан иборат эканлиги ҳақида суҳбатлашди.

Мезонга асосланган баҳолаш тизими ўзи нима?

Амалдаги баҳолаш тизимида, дейди Дилрабо Давидова, чорак якунига кўра ўқувчи қандай билим ва кўникмаларни эгаллаганини баҳолаш мумкин бўлган аниқ мезонлар мавжуд эмас.

Анъанавий баҳолаш тизими ўқувчининг дарсга тайёргарлигини мунтазам текшириш ва баҳо қўйиш билан тавсифланади. Шу билан бирга, унинг сўзларига кўра, барча ўқувчилар билимини баҳолаш битта ўқитувчининг шахсий муносабати ва билимидан келиб чиқиб амалга оширилади, баҳолаш жараёни тўлиқ инсон омилига боғлиқ, замонавий талабларга мос келадиган индивидуал ёндашув ва аниқ баҳолаш мезонлари мавжуд эмас.

Янги тизим замирида, дейди Дилрабо Давидова, 4K усули — ижодий фикрлаш, танқидий фикрлаш, мулоқот ва кооперация (ҳамкорлик) ётади. Тизим қуйидаги тамойилларга асосланган:

  • Репродуктив даража (билим). Репродуктив даражадаги топшириқлар мазмуни ўқувчиларнинг, ўқув материалини қайта ишламаган ҳолда эсда сақлаб қолиш қобилиятини аниқлаб берувчи қонунлар, хоссалар, формулалар, тушунчалар ва атамаларнинг моҳиятини ўрганиш, эслаб қолиш ва идрок этишга мўлжалланган.
  • Продуктив даража (қўллаш). Топшириқлар мазмуни мавзуни ўзлаштиришда фаннинг қонун ва қонуниятлари, хоссалари ва формулаларини қўллаш, берилган топшириқларга мос усулларни танлаш, таҳлил қилиш, таққослаш ва қарама-қарши қўйиш, бир қанча қонун ва қонуниятлардан фойдаланишдан иборат. Шу билан бирга, умумлаштириш ва хулоса қилиш талаб этилади.
  • Мулоҳаза юритиш. Интеллектуал даражадаги топшириқларнинг мазмуни ўзлаштирилган билим, кўникма ва малакаларни нотаниш вазиятларда қўллашни, қонун ва қонуниятлардан фойдаланган ҳолда таҳлил, синтез, таққослаш, умумлаштиришни талаб қилади.

баҳолаш, мактаблар, мезонга асосланган баҳолаш

Янги баҳолаш тизимига кўра йиғилган балларнинг 5 баллик шкалага ўтказилиши. Манба: Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш илмий-амалий маркази.

Яккасарой туманидаги мактабнинг 10-синф ўқувчиси аллақачон олий ўқув юртига киришга ҳозирлик кўраётгани, айни пайтда янги баҳолаш тизимига кўникиши ва тушуниши кераклигидан хавотирда.

Мактаб ўқувчилари чорак давомида 100 балл тўплашга улгуриши мумкинми, деган саволга марказ директори ўқувчилар ҳафтасига камида 2 соат ўқитиладиган фанлардангина 100 балл тўплаши кераклигини таъкидлади. Ҳафтасига 1 соат ажратилган фанлардан (масалан, тасвирий санъат, мусиқа) олти ойда (икки чорак давомида) 100 балл тўплаш талаб этилади.

баҳолаш, мактаблар, мезонга асосланган баҳолаш

Янги баҳолаш тизимига кўра 100 балл ўқитувчи томонидан форматив баҳолаш (10 балл) ва йиғма баҳолаш (90 балл) асосида тўпланади.

Йиғма баҳолаш учун топшириқлар марказда тайёрланади ва мамлакатдаги янги тизим жорий этилган барча мактабларга тарқатилади. Топшириқлар тестлар, лойиҳалар, лаборатория ишлари ва бошқалардан иборат.

100 баллдан 10 балл ўқитувчи томонидан қўйилади — бу, Дилрабо Давидованинг сўзларига кўра, субъектив баҳо. Бу дарсга тайёргарлик, уй вазифасини бажариш ва дарс вақтидаги фаоллик учун берилади. Ўқитувчи битта ўқувчига 3−4 та шундай баҳо қўйиши ва чорак якунида улардан ўртача балл чиқариши мумкин. Қолган 90 баллни ўқувчининг ўзи тўплайди.

баҳолаш, мактаблар, мезонга асосланган баҳолаш

Ўқитувчи томонидан қўйиладиган 10 балл ўқувчининг дарсдаги иштироки (6 балл) ва уйга вазифани бажарганлик (4 балл) учун берилади.

Марказнинг қайд этишича, баҳолашнинг янги тизими ўқувчига баҳони нима учун олгани, нимани тузатиш кераклиги, юқори балл олмаган тақдирда, нимага кўпроқ эътибор қаратиши кераклигини кўриш имконини беради.

«Энди фақатгина ниманидир шунчаки билиш муҳим эмас. Фикрлаш, бу билимларни амалда қўллаш, танқидий фикрлаш кўникмаларини ривожлантириш лозим», — дея таъкидлайди марказ директори.

Дилрабо Давидованинг қайд этишича, лойиҳани ишлаб чиқишда марказ таълим соҳасидаги халқаро тажрибага (Сингапур, Финляндия ва бошқа мамлакатлар) таянган. У, шунингдек, Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларидаги мактабларда ҳам ўқувчилар билимини баҳолашнинг мазкур тизимига аллақачон ўтилганини қайд этди.

«Ўзбекистонда бу тизимни ўрганиш ва ишлаб чиқиш учун 1,5 йил вақт кетди. 2021 йилда уни Муҳаммад Ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабда, ўтган йили эса агентлик (ихтисослаштирилган мактаблар агентлиги — таҳр.) тизимига кирувчи бошқа ихтисослаштирилган мактабларда жорий этдик», — дейди у.

Тўпланган тажрибадан келиб чиқиб, жорий йилда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан 500 та умумтаълим мактабида баҳолашнинг мезонга асосланган тизимини жорий этиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Тошкентда йиғилиш ўтказилиб, унда мактаб директорлари ўз таълим муассасаларида шундай тизим жорий этилишини хоҳлайдиларми ёки йўқ — қарор қабул қилишди.

«Газета.uz» янги тизим жорий этилган мактабларнинг ўқувчилари ва ўқувчиларнинг ота-оналари билан суҳбат жараёнида улар талаб қилинадиган баллар қандай йиғилишини тушуниш учун муҳим бўлган баъзи атамаларни билмаслиги ёки тушунмаслигини пайқади.

Марказ директорининг таъкидлашича, ҳар бир мактабда Ихтисослаштирилган мактаблар агентлиги тизимидаги мактаблардан биридан жалб этилган, мезонга асосланган баҳолаш бўйича тажрибага эга ҳамда янги тизимга мослашишда ўқитувчи ва ўқувчиларга кўмаклашиш вазифаси юклатилган методист (тўлиқ штатдаги ходим) ва тренер мавжуд.

баҳолаш, мактаблар, мезонга асосланган баҳолаш

Мезонга асосланган баҳолаш тизимини жорий этиш билан боғлиқ муаммолар.

Ота-оналар, шунингдек, янги баҳолар Kundalik платформасида қандай тартибда қўйилишидан хавотирда. Дилрабо Давидова бу масала аллақачон ҳал этилганини маълум қилди.

«Kundalik биринчи навбатда ўйлаган нарсамиз эди. Биз бу [платформа] билан қандай ишлаш устида бош қотирдик ва улар (платформани ишлаб чиққан мутахассислар — таҳр.) билан муҳокама қилдик. Улар биздан техник хусусиятларни сўрашди, тизимда қандай ўзгаришлар бўлиши кераклиги, уни қандай қилиб яхшироқ мослаштириш ҳақида сўрашди ва [платформа] аллақачон бизнинг барча талабларимизга мослаштирилди. Шундай экан, энди бу мактабларнинг барчасида Kundalik баҳолари мезонга асосланган баҳолаш тизими бўйича қўйилади», — дейди у.

Kundalik платформасида директор ёки ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари томонидан танланадиган «Стандарт» ёки «Мезонга асосланган» функцияси пайдо бўлди. Бу функция янги тизим тажрибадан ўтказилаётган мактабларнинг 5−11 синфлари учун жорий қилинган. Бу ҳали бошланғич синфларда жорий этилмади, дейди марказ директори.

Янги баҳолаш тизимига тўлиқ ўтиш вақт талаб этади. Қозоғистонда, унинг сўзларига кўра, мезонга асосланган баҳолаш тизимига тўлиқ ўтиш учун 10 йил керак бўлди.

«Қандай муаммолар бўлиши мумкин, қандай тўсиқлар бўлади, ижобий ва салбий томонлар, қаерда тизимни ўзимизга мослаштиришимиз керак — барини жараёнда кузатамиз. Бу йил ана шундай жиҳатларни ўрганамиз. Келгуси йил барча [мактаблар]ни ушбу баҳолаш тизимига қачондан, қайси йилдан бошлаб ўтказишимиз мумкин бўлиши ҳақида гапирса бўлади», — дея қайд этди Дилрабо Давидова.