Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти мутахассислари август ойи учун Тошкент шаҳридаги уй-жой ижара нархларининг даромадлилигини таҳлил қилди. Пойтахтда уй-жой ижарасидан энг кўп даромадни Мирзо Улуғбек туманидаги уйлар келтирмоқда.

Ҳисоб-китоб натижаларига кўра, 2023 йилнинг август ойида уй-жой ўртача нархининг ўтган йил август ойидагига нисбатан энг юқори ўсиши Юнусобод (37,1 фоиз) ва Мирзо Улуғбек (35,7 фоиз) туманларида қайд этилган бўлса, нисбатан пастроқ ўсиш Сергели (27,8 фоиз) ва Олмазор (24,4 фоиз) туманларида кузатилган.

Уй-жой нархларининг ўзгариши (август ойида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан)Уй-жой нархларининг ўзгариши (август ойида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан)

Бундан ташқари, Мирзо Улуғбек (12 фоиз) ва Чилонзор (10,6 фоиз) туманларида уйларини ижарага беришидан (уй қийматига нисбатан) энг юқори даромад олинмоқда. Нисбатан пастроқ даромад Сергели (8,5 фоиз) ва Учтепа (8,2 фоиз) туманларида кузатилган.

Ижарадан олинадиган йиллик даромадИжарадан олинадиган йиллик даромад

Институтнинг қайд этишича, агар 2023 йилнинг сентябрь ойида Global Property Guide нашри томонидан 58 та давлат учун эълон қилинган уй-жойни ижарага беришдан олинадиган ўртача даромад рейтингига Тошкент шаҳри (10 фоиз) қўшилганида, Грузиядан (12,4 фоиз) кейин иккинчи ўринни эгаллаган бўларди.

Мазкур рейтингда Грузиядан кейинги ўринларни Жанубий Африка Республикаси (9,9 фоиз), Ирландия (8,1 фоиз), Пуэрто-Рико (8,1 фоиз), Латвия (7,8 фоиз), Колумбия (7,7 фоиз), Моракаш (7,6 фоиз), Индонезия (7,6 фоиз) ва Литва (6,7 фоиз) давлатлари эгаллаган.

ижара нархи, мҳти, уй-жой

Туманлар ва уйлар бўйича кўпқаватли уйлардаги хонадонлар нархининг ўзгаришидан олинадиган фойда ва ижара даромадларининг биргаликдаги таъсири баҳоланганда 2 ва 3 хонали турар жойлар инвестицияларнинг даромадлилик нуқтаи назаридан истиқболли бўлиб чиқди. Бундай уй-жойлар ижарасидан келаётган даромаднинг ўзи ўртача 10 фоизни ташкил этмоқда.

Худди шу давр мобайнида муддати бир йилдан ортиқ бўлган хорижий валютадаги банк депозитларининг ўртача тортилган фоиз ставкаси 2022 йилнинг август ойидаги 4,3 фоиздан 2023 йилнинг август ойида 5,5 фоизга ошган.

Хулоса сифатида институт уй-жой нархлари ошиб бораётган шароитда ижарадан келаётган даромаднинг жозибадорлиги аҳоли жамғармаларининг кўчмас мулкка йўналтирилишини янада рағбатлантиришини қайд этган. Бу эса уй-жойга бўлган талабни янада ошириб, улар нархининг янада қимматлашишига олиб келиши мумкинлиги айтилади.