Mittivine тахаллуси билан ижод қилган блогер Фарҳод Маннопов вафоти бўйича жиноят иши айблов хулосаси билан судга юборилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати «Газета.uz»га хабар қилди.

Жиноят иши доирасида 2 нафар шахсга нисбатан Жиноят кодекснинг 116−3-моддаси (Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) ва 117−2-моддаси (Хавф остида қолдириш) билан айб эълон қилинган.

Эслатиб ўтамиз, 2 март куни Фарҳод Маннопов бассейнда сузиш чоғида боши ва бурнидан жароҳат олгани акс этган видео пайдо бўлганди. Шундан сўнг у Star Med Center`да операция қилинган, бироқ у комага тушиб, 5 март куни вафот этган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 12 март куни Star Med маркази текширувлар давом этаётгани сабабли фаолиятини вақтинча тўхтатганини маълум қилган. Кейинроқ ССВ Манноповга тиббий хизмат кўрсатиш чоғида махсус электрон тизим орқали айрим фаолият турларини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги ягона низомда кўрсатилган бир қатор лицензиялаш талаблари ва шартлари бузилгани ҳақида хабар берган.

Хусусан, Star Med марказида анестезиолог-реаниматолог бўлиб ишлаган шифокор Ж.К.нинг малака тоифаси бўлмагани, яъни тоифани тасдиқловчи ҳужжат тақдим этмагани айтилган. Шунингдек, клиника пластик жарроҳ Э.А.га малакали тоифага эга бўлмаса-да, тиббий хизмат кўрсатишига рухсат берган. 28 апрель куни вазирлик хусусий клиниканинг лицензиясини бекор қилиш тўғрисида судга ариза билан мурожаат қилган.

15 май куни бўлиб ўтган суд мажлисида судланувчининг адвокатининг клиника мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилиши тугагунига қадар ушбу иш бўйича иш юритишни тўхтатиб туриш тўғрисида оғзаки илтимоснома киритилган. Суд бу талабни қаноатлантирмаган ва суд мажлиси томонлар вакилларининг талаблари қаноатлантирилган ҳолда бошқа кунга кўчирилган.

2 июнь куни бўлиб ўтган сўнгги мажлисда суд Соғлиқни сақлаш вазирлигининг аризасини қаноатлантирган ва Star Med Center клиникасининг (Omad plyus МЧЖ) 2021 йил 16 февралдаги тиббий фаолият билан шуғулланиши учун берилган лицензиясини бекор қилган.