Соғлиқни сақлаш вазирлиги вайнер вафотидан олти кун ўтгач, унинг ўлими бўйича дастлабки ўрганиш натижасини эълон қилди.

Вазирлик бошқарма бошлиғи Жалолиддин Асомиддиновнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, марҳум Фарҳод Маннопов лаборатор таҳлиллар ва МСКТ текширувларидан ўтган. Унда бурун тўсиғининг қийшайиши, гаймор бўшлиқлари гиперплазияси, ўрта ва пастки бурун чиғаноқлари гиперплазияси аниқланган.

«Шундан сўнг беморнинг розилиги билан унда тегишли жарроҳлик амалиёти ўтказилган. Фуқарога риносептопластика амалиёти учун эндотрахеал наркоз берилган. Бироқ операция даврида марҳумнинг аҳволи тўсатдан ёмонлашган. Олиб борилган интенсив ва реанимацион даво чораларига қарамасдан жорий йил 5 март куни соат 03:22 лар чамаси унда биологик ўлим қайд этилган», — деди ССВ расмийси.

Унинг таъкидлашича, ҳозирда текширувлар олиб борилаётгани сабабли Star Med Center клиникаси фаолияти вақтинча тўхтатилган.

«Шуни алоҳида айтиш керакки, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тегишли органлар билан биргаликда фуқаро Фарҳод Маннопов вафоти юзасидан белгиланган тартибда ўрганиш ишлари олиб бормоқда», — дейди Жалолиддин Асомиддинов.

MittiVine тахаллуси билан ижод қилиб келган таниқли вайнер ва блогер Фарҳод Маннопов 5 мартга ўтар кечаси вафот этганди. Унинг ўлими юзасидан Чилонзор тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 116-моддаси (Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) билан жиноят иши қўзғатилди.

Кейинроқ блогер Фарҳод Маннопов вафоти бўйича шифокорларнинг хатти-ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви тайинлангани ҳақида хабар берилди.

Маълумот учун, MittiVine тахаллуси билан ижод қилган 27 ёшли вайнернинг Instagram саҳифасидаги обуначилари сони 1,2 млн дан ортиқни ташкил этади.