MittiVine тахаллуси билан ижод қилиб келган таниқли вайнер ва блогер Фарҳод Маннопов 5 мартга ўтар кечаси вафот этди. Бу ҳақда марҳумнинг дўстларига таяниб, Kun.uz хабар бермоқда.

Аввалроқ у бассейнда сузиш жараёнида бошидан жароҳат олгани ҳақида хабар берилганди.

Шундан сўнг операция қилинган, аммо комага тушиб қолиб, ўзига келмаган.

Маълумот учун, 27 ёшли вайнернинг Instagram саҳифасидаги (MittiVine) обуначилари сони 1,1 миллиондан ортиқни ташкил этади.

Унинг дўсти, ҳажвий видеоларда бирга кўриниш берадиган Улуғбек Шодибеков (mitti.me) Фарҳод Манноповнинг вафоти юзасидан пост қолдирди.

«Ҳамма нарса биз ўйлаганимиздек бўлмас экан. Барчаси Яратганнинг қўлида — қачон бериб, қачон олишини фақат ўзи биларкан. Ҳаммаси учун раҳмат, сендан жуда кўп нарса ўргандик. Сен ҳақиқий лидер эдинг, жамоа асосчиси, ҳар қанақа вазиятда суянчиқ эдинг! Дўстим, биздан рози бўл, биз сендан мингдан-минг розимиз», — деб ёзади блогер.