Тошкентнинг Чилонзор тумани прокуратураси Mittivine юмористик лойиҳаси асосчиси вайнер Фарҳод Манноповнинг ўлими бўйича жиноят ишини тергов қилишни давом эттирмоқда, дея хабар берди Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати.

Тергов давомида жарроҳлик амалиётини ўтказган Star Med Center клиникаси шифокорлари, анестезиолог ҳамда марҳумнинг танишлари, шунингдек, жами 15 нафар шахс гувоҳ тариқасида сўроқ қилинган.

Шу билан бирга, жиноят иши бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлигига тайинланган хизмат текшируви хулосаси олиниб, жиноят иши ҳужжатларига қўшилган. Бундан ташқари, жиноят иши доирасида мураккаб экспертизаларни ўтказиш жараёни кетмоқда.

Дастлаб олиб борилган тезкор суриштирув ишлари давомида 2013 йилда ушбу клиникада яна бир шахс жарроҳлик амалиёти вақтида вафот этганлиги ҳақида кўрсатма олинган. Бироқ тергов давомида ушбу важ ўз тасдиғини топмаганлиги сабабли жиноят иши Жиноят кодексининг 116-моддаси 4-қисми «а» бандидан (эҳтиётсизлик орқасида одамлар ўлишига сабаб бўлса) 116-моддаси 3-қисмига (эҳтиётсизлик орқасида одам ўлишига сабаб бўлса) қайта малакаланган.

Qalampir.uz нашрининг Соғлиқни сақлаш вазирлиги хулосасига таяниб хабар қилишича, Фарҳод Манноповга тиббий хизматлар кўрсатишда «Махсус электрон тизим орқали айрим фаолият турларини лицензиялаш тартиби тўғрисида»ги ягона Низомнинг 27- иловасида белгилаб берилган бир қатор лицензия талаб ва шартлари бузилган.

Хусусан, Фарҳод Маннопов операция қилинган Star Med Center клиникасида беморга анестизиолог ва реаниматолог сифатида хизмат кўрсатган шифокор Ж. Қ.да малакавий тоифа бўлмаган. Клиника эса бундай шароитда унинг беморга тиббий хизмат кўрсатишига йўл қўйган.

Тиббий фаолият лицензияси талаб ва шартларига кўра эса тиббий ходимларга нисбатан талаблар белгиланган бўлиб, врач-мутахассисларда тегишли тиббий мутахассислик бўйича олий маълумот ва малакавий тоифа ҳамда белгиланган тартибда олинган малака ошириш бўйича амалдаги сертификат мавжуд бўлиши шарт.

Сайт маълумотларига кўра, Фарҳод Манноповнинг пластик жарроҳ шифокори ҳам етарли тажрибага эга эмас бўлиб чиққан.

Гап шундаки, Манноповга операция вақтида пластик жарроҳ шифокори сифатида хизмат кўрсатган шифокор Э.А. Андижон давлат медицина институтининг даволаш иши, умумий амалиёт шифокори йўналишини 2019 йилда тугатган.

«Мазкур мутахассиснинг иш стажи беш йил бўлмаганлиги учун ундан даволаш иши, умумий амалиёт шифокори йўналишида тиббий фаолият юритиши, шунингдек, пластик жарроҳлик бўйича амбулатор шароитда беморларга тиббий хизмат кўрсатиши учун малака тоифасига эга бўлиши талаб этилмаган. Бироқ у бемор Манноповга тиббий хизмат кўрсатиши учун камида биринчи малакавий тоифага эга бўлиши керак бўлган», — дейилади хабарда.

Omad Plyus МЧЖ (Star Med Center) томонидан пластик жарроҳ шифокори Э. A.да малакавий тоифаси бўлмаган бир вазиятда беморга тиббий хизмат кўрсатишига йўл қўйилган ва лицензия талаби бузилган

Бундан ташқари, бош ва бурун соҳасидан жиддий жароҳат олган блогерга тиббий хизмат кўрсатган лаборант шифокор Ж. Ш. ҳамда ультратовуш текширувлари шифокори Р. С.нинг ўзлари фаолият юритаётган тиббий ихтисосликлар бўйича малакавий тоифаларини тасдиқловчи амалдаги ҳужжатлар текширувда тақдим этилмаган.

Эслатиб ўтамиз, 2 март куни Фарҳод Маннопов бассейнда сузиш чоғида боши ва бурнидан жароҳат олгани акс этган видео пайдо бўлган эди. Шундан сўнг у Star Med Center клиникасида операция қилинган, бироқ комага тушиб, 5 март куни вафот этган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 12 март куни Стар Мед марказининг текширувлар давом этаётгани сабабли фаолиятини вақтинча тўхтатганини маълум қилди.