Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)Ўзбекистонда чигирткага қарши курашишни янада яхшилаш учун Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигига 8 та махсус жиҳозланган Toyota Hilux автомобилини топширди. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Шу муносабат билан бўлиб ўтган тадбирда таъкидланишича, Марказий Осиё қишлоқ хўжалиги учун чигирткалар жиддий хавф туғдираётганини кўпчилик билмайди. Экинларни йўқ қилиш орқали зараркунандалар ҳосил миқдори ва сифатини пасайтириши, аҳолини озиқ-овқат билан таъминлашни хавф остида қолдириши аниқ.

бмт, чигирткага қарши курашиш

Бундан ташқари, чигирткалар босқини қишлоқ хўжалигига бевосита боғлиқ бўлган фермерларнинг даромадларига салбий таъсир кўрсатади. Шу боис ушбу зараркунандаларга қарши курашиш Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигининг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади.

Қайд этилишича, мазкур кўмак ФАОнинг «Марказий Осиёда чигирткаларга қарши курашишни такомиллаштириш (II босқич)» минтақавий лойиҳаси доирасида амалга оширилди.