Тожикистон ҳудудларида электр таъминотида оммавий узилишлар бошланди, деб ёзмоқда ASIA-Plus маҳаллий аҳолига таяниб.

Турсунзода, Панжикент, Бохтар, Кулоб, Душанбе шаҳарлари ҳамда Тожикистоннинг қишлоқ туманлари аҳолиси электр энергияси узилиши ҳақида хабар бермоқда. Нашрнинг таъкидлашича, электр токи кундузи ҳам, кечаси ҳам ўчмоқда.

Маҳаллий энергетика хизматлари ходимлари узилишларни келаётган қиш мавсумига тайёргарлик кўриш мақсадида таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани билан изоҳламоқда, бироқ аҳоли узилишлар тўғрисида олдиндан огоҳлантирилмаётганидан шикоят қилмоқда, дея аниқлик киритди ASIA-Plus.

Электр таъминотидаги узилишлар, шунингдек, уни истеъмолчилар ўртасида тақсимлаш жараёнидаги талон-торожликлар кучайгани билан ҳам боғлиқ, деб ёзади нашр.

ASIA-Plus иқтибос келтирган Тожикистон энергетика компаниялари маълумотларига кўра, жорий йилнинг биринчи ярмида йўқотишларнинг умумий ҳажми 2,4 млрд кВт/соатдан кўпроқни ташкил этган. 2022 йилнинг худди шу даврида ҳам шундай кўрсаткич кузатилган.

Тожикистонда электр таъминоти чеклови одатда октябрь ойининг бошидан қиш охиригача давом этади ва мамлакатнинг катта қисмини қамраб олади. Чеклов биринчи марта 1996 йилда киритилган.