Akfa University (ҳозирги Central Asian University) собиқ ректори Бехзод Жалилов икки йиллик тайёрлов курсларидан сўнг иккинчи босқичга ўқишга қабул қилинган мактаб битирувчиларига олийгоҳда ўқишни давом эттира олмасликлари айтилган вазият юзасидан муносабат билдирди («Газета.uz» аввалроқ воқеа ҳақида ёзган эди).

Бехзод Жалилов ўз баёнотида ўзига қўйилган қонун бузилиши борасидаги айбловларни асоссиз деб атади ва «ўзини кузатув кенгаши раиси деб таништираётган» Абдужаббор Абдувоҳидов (2018 йил августидан 2022 йил августигача президент маслаҳатчиси, унга қадар президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, 2011−2012 йилларда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, 2002−2011 йилларда Тошкентдаги халқаро Вестминстер университети ректори бўлган) билан келишмовчилик туфайли университетни тарк этишга мажбур бўлганини айтди.

Бехзод Жалилов ректорлик фаолияти давомида ўтказилган текширувларда қонунбузарлик ҳолатлари аниқланмагани, Akfa университети ва бошқа ўқув марказлари ўртасида ҳам Study for Success (янги раҳбарият Беҳзод Жалиловни бу компания орқали пул ўзлаштиришда айблаган) компанияси билан тузилган шартномага ўхшаш ҳужжатлар имзоланганини, бироқ уларда шу каби тайёрлов курсларини тамомлаган талабалар университетда ўқишини давом эттираётганини, янги ректор Камрон Ғуломов тайёрлов курсдаги талабаларни 2-босқичга қабул қилиш бўйича буйруқ имзолагани ҳамда унинг талабалар тайёрлов курсларида ўқитилишидан хабардорлиги ҳақида ёзди.

akfa университети, central asian university, бекзод жалилов

Абдужаббор Абдувоҳидов. Фото: Шуҳрат Латипов / «Газета.uz».

Шунингдек, у Тошкентнинг собиқ ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев раҳбарлик қилаётган Akfa компанияси университетни ривожлантириш учун ваъда қилинган маблағларни ажратмаганини маълум қилди. Бехзод Жалиловнинг таъкидлашича, Абдужаббор Абдувоҳидов (Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг қудаси)нинг мақсади унинг «обрўсига доғ тушириш, фаолиятига зарар етказишдир». У Абдужаббор Абдувоҳидовдан ўзига қўйилган «асоссиз барча айбловлар ва ҳақоратлар учун» омма олдида кечирим сўрашини талаб қилди ҳамда президент Шавкат Мирзиёевдан мамлакатда ўзи ва оиласининг хавфсизлигини таъминлашни сўради.

Бехзод Жалилов ўз баёнотида кўплаб ҳужжатлар ва ёзишмаларнинг скриншотларини ҳавола қилган. «Газета.uz» қуйида баёнотни тўлиқ келтириб ўтади.

Central Asian University раҳбарияти томонидан қўйилган асоссиз айбловлар бўйича расмий баёнот

Мен, Жалилов Бехзод Шерзодович, 2012 йилдан буён таълим соҳасида фаолият юритиб келаман. Тошкентдаги халқаро Вестминстер университети қошидаги академик лицейда ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари бўлиб бошлаганман, шунингдек, 2016−2018 йиллар давомида халқаро Вестминстер университетининг ўқув бўлими мудири лавозимларида фаолият юритганман. Кейинчалик Тошкент шаҳридаги Inha университетида қабул бўлими мудири лавозимида ишлаганман. 2018 йилда менга Аkfa университетини ташкил этиш лойиҳасига раҳбарлик қилишни таклиф қилишди ва 2019 йилда университет очилгандан сўнг ушбу университетга ректор этиб тайинландим.

2023 йил 22 сентябрь, жума куни Аkfa университети (ҳозирги номи Central Asian University, бундан кейин университет деб юритилади) раҳбарияти томонидан менга ва бошқа бир қанча собиқ ходимларга нисбатан асоссиз, яъни университет маблағларини ноқонуний ўзлаштириш айбловлари қўйилгани муносабати билан ушбу мурожаатни ёзишга қарор қилдим.

Университетнинг ҳозирги раҳбарияти мени 2015 йилда ўзим асос солган Study for Success компаниясидан Аkfa университети билан ўзаро манфаатли битим тузишда, университет таъсисчиларининг олдиндан розилигини олмасдан фойдаланганликда айбламоқда.

Study for Success МЧЖ 2015 йилдан бери таълим хизматларини (лицензия асосида) кўрсатиб келмоқда ва талабаларни Тошкент шаҳридаги етакчи олий ўқув юртларига ўқишга тайёрлаш билан шуғулланади.

2021 йилдан бошлаб Study for Success МЧЖ республиканинг бошқа кўплаб таълим марказлари сингари университет билан меморандум ва ҳамкорлик шартномаси асосида потенциал талабаларни университетга, жумладан, Part-time дастури доирасида тайёрлаган ҳамда қабул имтиҳонларини ташкил этган.

Юқорида қайд этилган ҳужжатларга кўра, Аkfa университети International Foundation Diploma for Higher Education Studies дастурини (биз уни Part-time деб атаганимиздек) муваффақиятли тамомлаган талабаларга биринчи босқични ўқимасдан иккинчи босқичга қабул қилинишни кафолатлаган. Сабаби мазкур тайёргарлик курси foundation year`га тенглаштирилган.

Аkfa университети муассислари, жумладан Жаҳонгир Абидович Ортиқхўжаевнинг ўзи ҳам, таълим муассасасининг бошқа таълим муассалари билан ҳамкорлиги ҳақида хабардор эди. Бундан ташқари, Жаҳонгир Обидовичнинг жияни Ортиқхўжаева К. ҳам ушбу дастурда ўқиган ва ўқиш пулини университет ҳисобига эмас, балки Study for Success МЧЖ ҳисобига тўлаган. Юқоридагиларни инобатга олсак, «муассислар бундан бехабар эдилар» дейиш нотўғри.

Шуни таъкидлашни истардимки, Akfa университети ва бошқа ўқув марказлари ўртасида ҳам Study for Success компанияси билан тузилган шартномага ўхшаш ҳужжатлар имзоланган. Шартномаларга кўра, ушбу ўқув муассаларининг курсларини муваффақиятли тамомлаган талабалар Akfa университетининг 2-босқичига қабул қилинган. Бироқ янги раҳбарият томонидан ўрнатилган 2-босқичга тўғридан тўғри ўқишга қабул қилишни тақиқлаш бошқа таълим муассасалардан Part-time дастури бўйича университетга кирган талабаларга ҳеч қандай тарзда қўлланилмаган.

Эслатиб ўтаман, гарчи юридик мақомга эга ва ҳуқуқий томондан расмийлаштирилмаган бўлмаса-да, ўзини кузатув кенгаши раиси деб таништираётган Абдужаббор Абдувоҳидов билан университет бошқаруви сиёсатида юзага келган келишмовчиликлар туфайли мен Akfa университети ректори лавозимидан кетганман. Бундан ташқари, 2023 йил январь ойининг биринчи ярмида ишдан кетганимдан бошлаб жорий йилнинг 22 cентябрига қадар университетнинг янги раҳбарияти Part-time дастури бўйича ўқув марказлари билан ҳамкорлик бўйича ҳеч қандай эътироз билдирмаган. Қолаверса, мазкур талабалар 2023 йилнинг баҳорги семестрида университет ҳудудида ҳеч қандай тўсиқларсиз таҳсил олишган ва семестр якунида, яъни 2023 йил июнь ойида университетнинг амалдаги ректори Камрон Ғуломовнинг буйруғи билан кейинги босқичга ўтказилган ёки 2-босқичга ўқишга қабул қилинган. Мазкур буйруқ асосида Study for Success талабалари университетнинг 2-босқичига ўқишга қабул қилинганликлари тўғрисида хабардор қилинганлар.

22 сентябрь куни бўлиб ўтган ота-оналар билан учрашувда Камрон Ғуломов бундай буйруқ борлигини аввал рад этган. Буйруқ унга кўрсатилгач, у нимага имзо қўйганидан хабари йўқлигини айтган. Кейинчалик эса у буйруққа имзо алдов йўли билан олинганлигини айтган. Ваҳоланки, Камрон Ғуломовга ҳужжатларни имзога унинг одами тегишли текширувлардан кейин олиб киришини таъкидлаш лозим.

Аслини олганда, бу масалани янги раҳбарият фақат менинг обрўимга, Study for Success МЧЖ обрўсига ва ҳозирда мен фаол иш олиб бораётган янги университет ташкил қилиш бўйича янги лойиҳанинг обрўсига путур етказиш учун кўтарган. Агар уларнинг айбловлари мантиқий ва қонуний асосли бўлса, унда мантиқий савол туғилади: нега университетнинг янги раҳбарияти ишдан бўшатилганимдан бошлаб 2023 йил 22 сентябргача Part-time дастурини ёпиш ва таълим марказлари билан ҳамкорликни тўхтатиш масаласини кўтармади?

Бундан ташқари, 2022 йил ноябрь ойидан бошлаб, шунингдек, ишдан бўшатилганимдан сўнг таъсисчи вакиллари томонидан ташқи экспертларни жалб қилган ҳолда университет фаолиятида қайта-қайта аудит, жумладан, молиявий аудит ўтказилган. Ушбу текширувлар натижасида ҳеч қандай қонунбузарликлар аниқланмаган.

2018 йилдан 2023 йил январигача қийинчиликларга, муассислар томонидан ваъда қилинган маблағлар ажратилмаганига қарамай, ушбу университетни ташкил этиш ва ривожлантириш йўлида виждонан ва ҳалол меҳнат қилдим. Дастлаб, муассислар ушбу лойиҳани амалга ошириш учун 100 миллион доллар ажратишларини ваъда қилишган эди. Бироқ охир-оқибат, ушбу маблағнинг ҳатто ⅓ қисми ҳам лойиҳага киритилмади. Шу муносабат билан лойиҳани ўз вақтида амалга ошириш учун университет кредит олишга мажбур бўлди ҳамда кредит ҳамда фоизлари ўрнатилган муддатларда университет томонидан мустақил равишда тўлаб борилди.

Akfa компаниялар гуруҳи вакиллари ҳеч қандай молиявий ёрдам кўрсатмадилар. Вазият шунга етиб бордики, мен университетга 100 минг доллар миқдоридаги ўз маблағимни йўналтиришимга тўғри келди. Бу маблағларга мен 2021 йилдан ҳозирги кунгача университет ҳудудида фаолият юритаётган талабалар турар жойи учун мебель ва жиҳозлар сотиб олдим.

Мен ректорлик лавозимидан озод этилганим ва Абдужаббор Абдувоҳидов (Жаҳонгир Обидовичнинг қудаси) университет ҳаётига фаол аралашуви бошлангач, университетни молиялаштиришга ёндашувда ўзгаришлар кузатилмоқда. Жаҳонгир Обидович Ортиқхўжаевнинг корхоналари университетдаги ўқув жараёни учун зарур бўлган асбоб-ускуналар, китоблар ва ўқув материалларини харид қилиш учун фаол маблағ ажратишни бошлади.

Яна бир тенденция кузатилди, Абдужаббор Абдувоҳидов келиши билан университет ходимларидан сифат учун эмас, балки миқдор учун ишлашни талаб қила бошлади ва мен иқтибос келтираман: «Шу ерда пул қилсак бўлади-ю». Унинг илтимосига кўра, бир қанча факультетлар, жумладан, ўша пайтда лицензия асосида фаолият юритган Инглиз тили филологияси факультети, унда анчагина талабалар таҳсил олаётганига қарамай, ёпилди. Профессорлар, талабалар ва уларнинг ота-оналари бу ҳақиқатни тасдиқлашлари мумкин. Талабаларнинг ота-оналари дарслар ўтказилмаётгани ва малакали ўқитувчиларнинг йўқлиги, мавжуд таълим дастурлари тушунтиришсиз ёпилгани ва бошқа масалаларга эътироз билдириб Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига ариза ёзишганлар.

Шу ўринда таъкидлашим керакки, университетдаги ректор лавозимидаги фаолиятим давомида таъсисчи менга таълим сифатини таъминлаш бўйича қатъий талаблар қўйган эди. Бу талаблардан бири университетни халқаро даражага кўтариш ва 5 йил ичида университетни Times Higher Education мезонлари бўйича дунёнинг энг яхши 1000 та университетлари рейтингига киритиш кераклиги чораларни кўриш эди. Шу муносабат билан Абдужаббор Абдувахитов билан ўртамизда тез-тез низолар юзага кела бошлади.

Ана шундай можаролардан бирида Абдужаббор Абдувоҳидов мендан айнан халқаро стандартларга мос равишда (мусулмонлар, насронийлар ва буддистлар учун) қурилган ибодатхоналарни ёпишимни талаб қилди. Бироқ талабалар хавфсизлиги учун мен университет ректори сифатида бу хоналарни ёпишни ноўрин деб ҳисобладим, чунки бу ҳолда талабалар дарс вақтида намоз ўқиш учун университет ҳудудидан чиқиб кетишади. Ушбу можарода Абдужаббор Абдувоҳидов менга нисбатан беҳаё сўзларни ишлатиб, ҳамкасбларим олдида шаъним ва қадр-қимматимни камситди, ҳатто жисмоний зўравонлик билан таҳдид қилди. Бу воқеадан кейин мен Akfa университетида ишлашни тўхтатишга қарор қилдим.

Видеоси интернетда кенг тарқалган Central Asian University`да 21 сентябрь куни ташкил этилган ота-оналар мажлисида Абдужаббор Абдувоҳидов ота-оналарни менга қарши прокуратурага ариза ёзишга чақирган ва хаттотки ота-оналарни прокуратурага олиб бориш учун автобус хизматини ташкил қилган. У, шунингдек, менинг танишларимга, университет ходимларига ва Аkfa бош офиси ходимларига мени жиноий муассасага (қамоққа) жойлаштирмагунча тинчланмаслигини айтган.

Абдужаббор Абдувоҳидов ўз алоқаларидан фойдаланиб, прокурорларни менга нисбатан жиноий иш қўзғатишга том маънода мажбурлаган. Май ойида мени прокуратура сохта айблов, яъни университет маблағларини ўғирлаш бўйича бир неча бор сўроқ қилишди. Бу айбловлар исботини топмади. Июнь ойида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари менинг диний ва сиёсий экстремистик исломий ҳаракатларга алоқадорлигим юзасидан текширув ўтказдилар. Бироқ бу айблов ҳам тасдиқланмади. Қолаверса, А. Абдувоҳидов университетнинг ҳозирда собиқ ходимларини менинг устимдан ариза ёзишни талаб қилган. Талабни бажармаган ходимларни ишдан бўшатиш билан қўрқитган. Собиқ ходимларнинг янги раҳбарият билан юзага келган зиддиятлари ҳақида видеоларга ҳаволалар (1 ва 2).

Мазкур университет ходимлари томонидан А. Абдувоҳидовнинг ишдан бўшатиш билан боғлиқ таҳдидлари юзасидан ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаатлари мавжуд. Ажабланарлиси шундаки, бу аризалар қандайдир тарзда Мирзо Улуғбек прокуратура деворлари ичида йўқолгани маълум бўлди. Бироқ далил сифатида менда ушбу прокуратура девонхонаси томонидан қабул қилинган (муҳрланган) аризаларнинг нусхалари бор.

Шу билан бирга, Абдувоҳидов мени ноқонуний митинглар уюштирганликда айбламоқчи бўлди. У университет талабаларини менга қарши қайраш мақсадида мажлис ўтказган. Талабаларни менга қарши қила олмаганидан сўнг мени одамларни митингга тўплаганликда айблаб, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидан мени ҳибсга олишни талаб қилади.

Мен ҳуқуқ-тартибот идораларига бориб, Абдувоҳидов одамларни йиғиб, менга қарши ишлатаётганини тушунтиришга тўғри келди.

Абдужаббор Абдувоҳидовнинг ягона мақсади менинг обрўимга доғ тушириш, фаолиятимга зарар етказишдир. Ўз мақсадига эришиш учун бу одам ҳар қандай кучлардан ва ҳаракатлардан фойдаланади ҳамда ҳеч нарсада тўхтамайди. Мени бошқалар ишга қабул қилмасликлари учун Абдувохитов мен ҳақимда ёлғон маълумотлар тарқатган.

Абдужаббор Абдувоҳидовдан университет ривожига эътибор қаратишни, университет номи ўзгаргани сабабли бекор қилинган лицензияни қайтадан олишга, университет собиқ ходимларининг лойиҳаларини ривожлантиришга қарши чиқиб, зараркундалик билан шуғулланмасликни сўрайман. Ёдингизда бўлсин, халқда жуда доно нақл бор: «Ким бировга чоҳ қазиса, ўзи тушади».

Мен А. Абдувоҳидов менга қўйилган асоссиз барча айбловлар ва ҳақоратлар учун омма олдида кечирим сўрашини талаб қиламан.

Ўзбекистон президенти Мирзиёев Шавкат Миромоновичдан менинг ва оиламнинг Ўзбекистон ҳудудида хавфсизлигини таъминлашни сўрайман. Сизни ишонтириб айтаманки, менинг ягона мақсадим халқимиз ва бутун давлатимиз учун таълим соҳасида фойда келтириш.

Шунингдек, Ўзбекистон халқидан, биринчи навбатда, мавжуд вазиятдан жабрланган талабаларнинг ота-оналарини оммавий ахборот воситаларидаги миш-мишлар ва тасдиқланмаган маълумотларга ишонмасликларини сўрайман.

Оммавий ахборот воситаларидан бировни обрў ва шаънига путур етказувчи маълумотларни чоп этишдан аввал вазиятни ўрганишни ва иккинчи томоннинг ҳам фикрини/позициясини ўрганишни сўраб қоламан.