Тошкентдаги Central Asian University университетида (собиқ Akfa университети) икки йиллик тайёргарлик курсларини тамомлаб, дарҳол иккинчи курсга ўқишга қабул қилинган талабалар билан боғлиқ можаро авж олди.

Akfa University Part-Time Student курслари 10−11-синф ўқувчиларига мўлжалланган. Ушбу курслар интернетда кенг реклама қилинган, жумладан, «Газета.uz»га ҳам жойлаштирилганди.

Пайшанба куни ушбу курсларни тамомлаб, бу йил иккинчи курсда ўқишни бошлаган талабалар ҳамда уларнинг ота-оналари «Газета.uz»га дарсларга қўйилмаганини маълум қилди. Университетнинг янги раҳбарияти аввалги ректор томонидан қонунбузарликлар содир этилганини ва иккинчи курсга қабул қилинган талабалар ўқишни давом эттира олмаслигини, чунки бу қонунда кўзда тутилмаганини билдирди.

Талабаларнинг сўзларига кўра, улар кираверишдаги юзни таниш тизимида тўсиб қўйилган, талабалик карталари эса тақдим этилганида олиб қўйилган. Улар, шунингдек, иккинчи курсга кириш учун зарур бўлган тўплаган кредитлари бекор қилинишидан хавотирда.

akfa университети, cau, central asian university

Улар ва ота-оналарнинг сўзларига кўра, бу хабар улар учун ҳақиқий шок бўлган. Кўпгина талабалар кучли стресга тушган. Янгилик ўқув йили бошланиб бўлганида чиққани сабабли, энди улар бошқа университетга кириш имконига ҳам эга эмас.

«Газета.uz» суҳбатлашган ота-оналар курслар учун 40 млн сўм (йилига 20 млн сўмдан) тўлаганларини, шунингдек, шартнома имзолаб, ўқув йили боши учун шартнома суммасининг бир қисмини тўлаб қўйганини маълум қилишди. Университетдагилар, ота-оналарнинг сўзларига кўра, хоҳлаган жойда шикоят қилишлари мумкинлиги айтган.

Пайшанба куни ота-оналар университет ректори Камрон Ғуломов ва кузатув кенгаши раҳбари Абдужаббор Абдувоҳидов (2018 йил августидан 2022 йил августигача Ўзбекистон президентининг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимида ишлаган) билан кўришди. Учрашув бир неча соат давом этди. Ижтимоий тармоқларда томонлар баланд овозда гаплашаётган видеолар пайдо бўлди.

Жума куни ота-оналар Вазирлар Маҳкамасига боришди ва у ерда уларнинг аризаси қабул қилинди.

Шанба куни собиқ ректор Беҳзод Жалилов билан ота-оналар ва талабалар йиғилиши бўлиб ўтди. Учрашув иштирокчиларининг айтишича, ОТМнинг собиқ раҳбари «саволларга жавоб берди, ҳужжатларни кўрсатди ва ҳаммаси қонуний эканини айтди».

Ота-оналар ёрдам сўраб Akfa компанияси офисига ҳам боришган. Мурожаатчилар компания раҳбарияти вакиллари уларни тинглаб, бир ҳафта ичида жавоб беришга ваъда қилганини айтишди.

Central Asian University баёноти

Шанба куни университет вазият юзасидан расмий баёнот берди. Унда айтилишича, икки йил муқаддам Akfa университетининг собиқ ректори Бекзод Жалилов томонидан «таъсисчисидан яширин ҳолда, фирибгарлик йўли билан ўзига қўшимча маблағ ишлаш мақсадида» «Study for the success» МЧЖ ташкил этилган. «Амалдаги қонунларга хилоф йўл билан» ушбу компания номидан ота-оналар билан шартномалар тузган.

«Шартномага мувофиқ ота-оналарга уларнинг фарзандлари мактабнинг 10−11-синфларида ўқиш билан бир вақтнинг ўзида Akfa университетининг 1-босқичини ўқиб тугатиши ва мактабни битириши биланоқ университетнинг 2-босқичига қабул қилиниши МЧЖ томонидан ваъда қилинган ва ота-оналар ушбу хизмат эвазига МЧЖ ҳисоб рақамига муайян тўловларни қилишган», — дейилади хабарда.

«Study for the success» ҳисобига тушган пуллар «МЧЖ томонидан ўзлаштириб юборилган», дея тасдиқламоқда ОТМ.

«Ушбу МЧЖнинг Akfa университетига ҳеч қандай алоқаси йўқ. Ўқувчиларни мактабда ўқиб турган вақтида университет дастурларига қабул қилиш ҳам қонунчиликка зид («Таълим тўғрисида«ги қонуннинг 11-моддаси, «Олий таълим тўғрисида» низом) МЧЖ таъсис ҳужжатидан кўриниб турибдики, у собиқ ректорнинг яқин қариндоши томонидан таъсис этилган, контакт маълумотлари ҳам унга тегишли, ўзини банкларнинг бирида алоҳида ҳисоб рақамлари мавжуд», — дейилади баёнотда.

Central Asian University ушбу иш юзасидан хуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, хусусан Мирзо Улуғбек тумани прокуратураси томонидан жиноий иш қўзғатилини маълум қилди. «Жабрланувчилар туман прокуратурасига тегишли шикоят билан мурожаат қилишлари мумкин», — дея қайд этилган баёнотда.

Университет қўлида шаҳодатномалари (11-синф) бўлган болаларни тез кунларда ўрнатилган тартибда университетнинг 1-босқичига қўшимча қабул қилишини ота-оналарга билдирган.

«Газета.uz» ОТМдаги вазият юзасидан батафсил репортаж тайёрламоқда.