Кампиробод сув омборидан Фарғона шаҳрига тоза ичимлик суви тортиб келинади. Бу бўйича келишув Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров бошчилигидаги Фарғона вилояти делегацияси ҳудудлараро инвестициявий, савдо-иқтисодий, ижтимоий соҳалардаги ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш учун Хитойга ташрифи давомида имзоланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Қайд этилишича, вилоятдаги ижтимоий муассасаларни қуриш ёки капитал реконструкция қилиш ҳамда Кампиробод сув омборидан Фарғона шаҳрига тоза ичимлик суви тортиш лойиҳалари борасида Хитойнинг Sinomash холдинги билан дастлабки келишувларга эришилган.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил 3 ноябрь куни Ўзбекистон собиқ ТИВ раҳбари Владимир Норовнинг Қирғизистон ташқи ишлар вазири Жээнбек Кулубаев билан учрашуви доирасида Кампиробод сув омборининг сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисидаги битим имзоланганди.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукуматлари икки давлат чегарасидаги Кампиробод (Андижон) сув омборини бошқариш бўйича қўшма корхона тузилганини маълум қилганди.

«Умуман олганда, баҳсли ерларнинг деярли 99 фоизи бизнинг фойдамизга. Кемпиробод авваллари тўлиқ ўзбек томони назоратида бўлган, аммо энди биз 50/50 улушга эга қўшма корхона тузамиз ва [сув омбори] тўғонини биргаликда бошқарамиз, деб келишиб олдик», — деб ёганди у Facebook`да.

Қирғизистон раҳбарининг сўзларига кўра, сув омборидаги сув сатҳи 908-горизонталдан 900-гача пасаяди. Натижада сув омбори қирғоғидаги 1246 гектар ер бўшатилади ва қирғиз халқи ундан қишлоқ хўжалигида фойдаланиши мумкин бўлади.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев 10 октябрь куни мамлакат парламентининг тегишли қўмитаси йиғилишида Ўзбекистон билан чегара чизиғи бўйича келишув лойиҳаси, қўшни давлатга қанча ер берилгани ва Қирғизистон нима олгани ҳақида маълумот берганди. Унга кўра, Қирғизистонга 19 минг гектардан зиёд, Кампиробод сув омбори сувлари ҳудуди — 4485 гектар ер Ўзбекистонга берилиши қайд этилган.

30 ноябрь куни Шавкат Мирзиёев имзолаган Андижон (Кампиробод) сув омборининг сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисидаги битимни ратификация қилишга оид қонунга кўра, Ўзбекистонга 4957 гектардаги Андижон сув омбори ҳудуди ҳамда тўғонга хизмат кўрсатиш ва уни муҳофаза қилиш учун қўшимча 19,5 гектар ер майдони ўтказилади, Қирғизистонга эса компенсация тарзида 1019 гектар яйлов ерлари берилади.