Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукуматлари икки давлат чегарасидаги Кампир-Обод (Андижон) сув омборини бошқариш бўйича қўшма корхона тузади, деб хабар қилди Қирғизистон президенти Садир Жапаров Facebook`да.

Давлат раҳбари Кампир-Обод сув омбори яқинида жойлашган туманлар аҳолиси билан учрашганини, уларга Ўзбекистон ва Қирғизистон чегараларини аниқлаштириш бўйича вазиятни тушунтирганини таъкидлади. Эслатиб ўтамиз, икки давлат чегараларни делимитация ва демаркация қилиш жараёнини 2022 йил охиригача якунлаши кутилмоқда.

«Умуман олганда, баҳсли ерларнинг деярли 99 фоизи бизнинг фойдамизга. Кемпир-Обод авваллари тўлиқ ўзбек томони назоратида бўлган, аммо энди биз 50/50 улушга эга қўшма корхона тузамиз ва [сув омбори] тўғонини биргаликда бошқарамиз, деб келишиб олдик», — деб ёзади у.

Қирғизистон раҳбарининг сўзларига кўра, сув омборидаги сув сатҳи 908-горизонталдан 900-гача пасаяди. Натижада сув омбори қирғоғидаги 1246 гектар ер бўшатилади ва қирғиз халқи ундан қишлоқ хўжалигида фойдаланиши мумкин бўлади.

Бундан ташқари, Садир Жапаров, эҳтимол, Ўзбекистон билан чегараларни делимитация қилиш бўйича музокаралар натижаларига ишора қилиб, қолган чегара ҳудудлари тақдири маълум вақтдан кейин эълон қилинишини айтди.

«Бу хабарни хурсандчилик билан қабул қиласиз. Бир сантиметр ҳам ер берганимиз йўқ. Биз, аксинча, фақат қабул қилдик», — деб ёзган Қирғизистон президенти.

Сув омбори Ўзбекистоннинг Андижон вилояти ва Қирғизистоннинг Ўш ва Жалолобод вилоятлари чегарасида жойлашган. У 1983 йилда қурилган. Унга Тар, Қоракўлжа ва Қорадарё сувлари қуйилади.