Ўзбекистон футзал миллий терма жамоасига испаниялик Хосе Венансио Лопес бош мураббий этиб тайинланди. У терма жамоани 2024 йил Ўзбекистонда ўтказиладиган Жаҳон чемпионатига тайёрлайди. Мураббий билан шартнома Жаҳон чемпионати охирига қадар имзоланди.

Испаниялик мутахассис терма жамоада ишлаш билан бир қаторда УЕФА ва ФИФА инструктори сифатида маҳаллий мураббийларни тайёрлаш, терма жамоаларга футзалчилар етказиб бериш бўйича тизим ишлаб чиқиш, инфратузилмани ривожлантириш, шунингдек, Жаҳон чемпионатининг ташкилий йўналишларида ҳам ўз тажрибаси билан кўмаклашишга тайёрлигини маълум қилди.

«Ҳозирча фақатгина ташкилий ишлар билан банд бўламан, жамоа билан Осиё кубоги саралаш босқичидан сўнг машғулотларни бошлайман. Унга қадар ҳозирги бош мураббий Баҳодир Аҳмедов жамоа билан ишлайди. Ўйлайманки, бир жамоа бўлиб ишласак, албатта, кўзланган натижага эришамиз. Ўзбекистон терма жамоаси билан яхши танишман. Чунки Испания терма жамоаси мураббийи сифатидаги дебют ўйиним айнан Ўзбекистонга қарши бўлган. Литвадаги Жаҳон чемпионати олдидан Испанияда ташкил этилган йиғинда ҳам жамоанинг услубини ўрганиб чиққанмиз», — деди мутахассис.

ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматовнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионатида иштирок этиши аниқ, бироқ Осиё кубогида энг юқори ўрин мақсад қилинган.

Хосе Венансио Лопес 1965 йил 27 июнда туғилган. 2007 йилда Лопес Испания терма жамоасини бошқара бошлаганидан икки ой ўтгач, 2007 йилги Европа чемпионатида жамоа билан ғалабага эришган. 2008 йилги жаҳон чемпионатида у бошқарган испанлар 2-ўринни олган бўлса, 2010 йилги Европа чемпионатида яна чемпион бўлган.