Фарғонада ППХ ходими болали аёлни тепгани акс этган видео тарқалгани ва ИИВ вазиятни ўрганаётгани хабар қилинганди. Вилоят ИИБ ахборот хизматининг маълум қилишича, ходим лавозимидан бўшатилди.

Қайд этилишича, воқеа 18 сентябрь куни пост-патруль хизмати ходимлари Фарғона шаҳри Ислом Каримов ҳамда Қувасой кўчалари чорраҳасида хизмат олиб бораётган вақтда содир бўлган.

«Видеотасвирдаги аёл тиланчилик билан шуғулланаётгани учун у билан профилактик суҳбат ўтказиш мақсадида аёлдан йўлнинг қатнов қисмидан четга чиқиши сўралган. Бундан аёлнинг жаҳли чиқиб, ходимларга фаол қаршилик кўрсатган. Аёлни ИИБга олиб кетмоқчи бўлганда қўлидаги ёш боласини ерга ташлаб юбормоқчи бўлган пайт ходимлар томонидан ушлаб қолинган», — дейилади ИИБ хабарида.

Бошқарма ходимнинг кейинги хатти-ҳаракатлари «жамоатчиликнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлгани»ни таъкидлади.

Ҳолат юзасидан хизмат текшируви ўтказилиб, «касб одоби ва этикасига амал қилмай, ноўрин ҳаракатлар содир қилган» ППХ ходими лавозимидан бўшатилди.

Вилоят ИИБ барча шахсий таркиби юқоридаги каби харакатларни содир этмасликлари юзасидан қатъий огоҳлантирилди, дея қўшимча қилинади хабарда.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 188−3-моддаси (Тиланчилик қилиш) 2-қисмига кўра, вояга етмаган шахсларни тиланчилик қилишга жалб этиш базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ, у ҳозирда 330 минг сўм)нинг 3 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга ёки 15 суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.