Ижтимоий тармоқларда патруль-пост хизмати ходими аёлни машинага мажбурлаб ўтирғизгани, жараён давомида уни тепгани акс этган видео тарқалди.

Видеода 2 нафар ППХ ходими ва фарзандли аёлни кўриш мумкин. Ходимлардан бири болани қўлига олган бўлса, яна бири аёлни машинага ўтиришга мажбурлаган. Воқеа эса Фарғона шаҳрида бўлгани айтилмоқда.

Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов воқеа юзасидан дастлабки маълумотни тақдим этди.

Унинг сўзларига кўра, айни пайтда гўдаклар ва вояга етмаган болалар иштирокида уларнинг ота-оналари ва қариндошлари томонидан йўлларда, бозорларда ва бошқа жойларда тиланчилик қилиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича профилактик ишлар олиб борилмоқда.

«Катта эҳтимол билан, видеода кўринган аёл боласи билан йўлда тиланчилик қилаётгани учун олиб кетилган. Албатта, бу қўпол муносабатни оқлаб бўлмайди, қонуний чоралар кўрилади», — дейди Ғиёсов.