Ўзбекистон бўйлаб 3082 та, пойтахтнинг ўзида эса 2984 та реклама ва ахборот объектлари ҳеч қандай ҳужжатларсиз жойлаштирилгани аниқланди. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси хабар берди.

Мамлакатда жами 16 832 та ташқи реклама ва ахборот объектлари мавжуд бўлиб, шундан 11 144 таси ёки 66 фоизи Тошкент шаҳрига тўғри келади. Ўтказилган хатловлар натижасига кўра, уларнинг 9905 таси (58,8 фоизи) белгиланган талабларга мос эмаслиги аниқланган (шундан 6004 таси Тошкент шаҳрида).

Хусусан, уларнинг 3082 таси (31,1 фоизи) ноқонуний, ҳеч қандай ҳужжатларсиз жойлаштирилгани маълум бўлган. Ушбу кўрсаткич Тошкент шаҳрида 2984 тани ташкил этган.

Таъкидланишича, 4646 та ташқи реклама объектлари бўйича уларда аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва қарор талабларига мослаштириш ёки ихтиёрий равишда демонтаж қилиш юзасидан тегишли ҳокимликлар томонидан конструкция эгаларига 1825 та кўрсатма хатлари киритилган.

Қўмита, Тошкент шаҳар ва туманлар ҳокимларининг маънавият ва давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчилари, Маънавият ва маърифат маркази масъул ходимларидан иборат ишчи гуруҳлар август ойида ўрганиш ишлари олиб борган. Хусусан, Тошкент шаҳрида ташқи реклама объектларидаги рекламаларнинг давлат тилида бўлишини таъминлаш юзасидан жами 745 та мониторинг ўтказилган.

Шундан 159 та (21,3 фоиз) ҳолатда рекламанинг, 339 та ҳолатда (45,5 фоиз) пешлавҳаларнинг ва 39 та (5 фоиз) ҳолатда бошқа эълон ва матнларни бошқа тилларда берилгани аниқланган. 108 та ҳолатда камчиликлар ихтиёрий бартараф этилиб, қолган камчиликларни бартараф этилиши бўйича тегишли кўрсатмалар берилган.