2020 йилнинг февралидан бери Ўзбекистон бола ҳуқуқлари бўйича омбудсмани Алия Туйгуновна Юнусова ўз фаолиятини тўхтатаётганини маълум қилди. У бу ҳақда ўзининг Facebook`даги саҳифасида ёзиб қолдирди.

«Мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, мен болалар ҳуқуқлари бўйича вакил сифатидаги фаолиятимни тўхтатаётганимни маълум қиламан. Муҳтарам президент Шавкат Мирзиёевга бола ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, ёш авлоднинг ҳар томонлама баркамол вояга етиши, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратаётгани учун миннатдорчилик билдираман», — деб ёзди у.

Болалар ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилишнинг халқаро стандартларга жавоб берадиган кучли тизимини шакллантиришда биз билан ҳамкорлик қилган, қўллаб-қувватлаган, ҳисса қўшган, ишонган ва ишлаган барчага миннатдорчилик билдираман. Айниқса, ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги Болалар жамғармаси раҳбари жаноб Мунир Маммадзаде ва унинг жамоасига болалар манфаатлари йўлидаги ташаббусларни қўллаб-қувватлагани ва илгари сураётгани учун алоҳида миннатдорчилик билдирмоқчиман, дея пост қолдирган Юнусова.

Алия Юнусова юридик фанлар номзоди, 20 йилдан ортиқ вақт давомида болалар ҳуқуқлари билан шуғулланади. 1999 йилдан буён у Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказнинг таълим бўлими мудири бўлиб, у ерда болалар ҳуқуқлари соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш, болалар ҳуқуқлари тўғрисидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш билан шуғулланган. 2004 йилдан бери у уч марта Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати этиб сайланган.

2020 йилда февраль ойида омбудсман ўринбосари — бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозимига собиқ депутат Алия Юнусова номзоди маъқулланганди.

Маълумот ўрнида, Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ўз ваколатларини мустақил ҳамда давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахсларига тобе бўлмаган тарзда бажаради. Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Ўзбекистон Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати томонидан 5 йил муддатга сайланади. Мазкур лавозимга эса номзодни президент тавсия этади.

Алия Юнусова фаолияти ҳақида

Юнусованинг бола омбудсмани лавозимига тайинланиши билан тизимда кўплаб ишлар амалга оширилди. Жумладан, болаларнинг ҳуқуқлари бузулиши билан боғлиқ ҳар қандай ҳолатга зудлик билан муносабат билдириш ҳамда вазиятни назоратга олиш бўйича ишлар жонланди.

2020 йилнинг августида «Газета.uz» бола омбудсмани ишга киришгач амалга оширган ишлар ва вакилнинг шахсий хулосалари ҳақида мақола эълон қилганди. Унда Алия Юнусова ихтисослаштирилган болалар муассасаларига, шунингдек, Тошкент шаҳри, Қашқадарё, Aндижон, Фарғона, Наманган ва Тошкент вилоятларидаги жазони ўташ муассасалари ҳамда қамоқда сақлаш жойларига ташриф буюргани ҳақида ёзганди.

Ўшанда вакил болалар, ушбу муассасалар раҳбарлари ва ходимлари билан учрашувлар ва юзма-юз суҳбатлар ўтказган. Aфсуски, тарбиячилар вояга етмаган болаларга нисбатан зўравонлик ишлатгани тўғрисидаги далиллар келтирилган. Шундан сўнг Омбудсман ЮНИСЕФ билан ҳамкорликда болаларнинг ихтисослаштирилган муассасалари ўсмирларининг мурожаатлари ва шикоятлари учун «ишонч телефони» хизматини йўлга қўйди.

Бола омбудсмани ўшанда шундай фикрларни билдирганди: «Ҳар сафар институционал муассасага келганимда, болаларнинг кўзларида қалб ноласи, оғриқ ва умидсизликни кўраман», «ҳеч бир тарбиячи ҳеч қачон меҳрибон ота-оналарнинг муҳаббати ва меҳри ўрнини боса олмайди», «Болаларнинг ўзининг „шахсий ҳудуди“, шахсий алоқалари йўқ», «Болаларнинг кўпчилиги уларнинг оилалари қўллаб-қувватланганида ва инклюзив таълим хизматлари кўрсатилганида ўз оилалари билан бирга бўлишлари мумкин эди», «Меҳрибонлик уйлари — болаларнинг жойи эмас».

Бундан ташқари, 2021 йилнинг апрелида вакил ўрганишлар давомида Қашқадарё вилояти Китоб туманидаги 5-сонли Меҳрибонлик уйини тугатиш кераклигини маълум қилганди. Ўтказилган ўрганишларда озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ўзгаргани ва чиригани, бетон полдан иборат хоналар захлиги, мебеллар эса эскилиги сабаб болалар жуда ёмон шароитда яшаётгани аниқланган. Унинг ўрнида Болалар шаҳарчасини ташкил этиш таклифи билдирилганди.

24 май кунига келиб, Самарқанд вилояти 63-сонли ақли заиф болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернат тарбияланувчиларининг юз қисми кўкаргани, шикастланган ва йиртиқ-ямоқ кийимларда юргани ва кир ювишга мажбур қилинаётгани акс этган фотолавҳалар тарқалганди.

Ҳолат Бола омбудсмани томонидан ўрганилиб, «муассасада носоғлом муҳит ҳукм сурмоқда», деган хулосага келинганди.

«Болалар тиланчилиги бизнинг умумий фожиамиздир»

2022 йилнинг март ойида бола ҳуқуқлари бўйича вакил Алия Юнусова кўчаларда болалар орқасидан тиланчилик қилаётган ва буни «бизнес»га айлантириб олганлар борасида муносабат билдирганди. У болаларни эксплуатация қилишни замонавий қуллик ва вояга етмаганларга нисбатан зўравонлик деб баҳолаганди. Омбудсман фуқароларни йўлларда тиланчилик қилаётган болаларга пул бермасликка чақирганди.

«Болаларга нисбатан зўравонликни тўхтатинг»

2022 йилнинг март ойи охирларида тармоқларда Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли туманида номаълум аёл фарзандларига жисмоний ва руҳий тазйиқ ўтказаётгани акс этган видео тарқалди.

Бола омбудсмани Алия Юнусова шу ва бошқа шунга ўхшаш воқеалар ортидан «болаларга нисбатан зўравонликни тўхтатишни» сўраб чиқди. «Биз жамият сифатида бу ҳақиқатни қабул қилмаслигимиз керак. Болаларни шафқатсиз муомала ва зўравонликдан асраш учун барча имкониятларни ишга солишимиз лозим», — деди у.

Ўшанда вакил ҳолатни ўз назоратига олди. Ўз фарзандларига жисмоний ва руҳий тазйиқ ўтказган аёлга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

«Педофилларга энг оғир жазо тури қўлланиши керак»

2023 йилга келиб, Ўзбекистонда вояга етмаган болаларга нисбатан жинсий зўравонлик ҳолатлари тобора кучайиб кетди. Бола омбудсмани шунга ҳам муносабат билдириб, жиноятчиларга жазони янада кучайтириш таклифи билан чиқди. Жумладан, Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт туманидаги 12 яшар қизнинг аянчли ўлими бутун мамлакатни ларзага келтирди ва Ўзбекистонда болалар хавфсизлиги тўлиқ таъминланмаганини кўрсатиб берди.

«Шахсан менга юборилаётган мурожаатлар орасида оила аъзолари, буваси, ўгай акаси ёки ўгай отаси томонидан мунтазам жинсий зўравонликларга учраётган болалар ҳам топилади. Ҳатто 4−9, 10−14 ёшли болаларга нисбатан жинсий зўравонликлар амалга ошириляпти. Албатта, бу — жуда ачинарли ҳолат. Бундай мурожаатларни ўқиш жуда оғир. Ахир болалар ҳимояга муҳтож-ку. Бу ҳолатларни ўзимиз назоратга олиб, Бош прокуратурага расмий хат билан мурожаат қиляпмиз», — деб ёзганди у.

Вакил ўшанда болаларнинг ҳам зўравонликка учраганда, оила аъзолари томонидан таҳқирланганда ёки бошқа ҳолатларда имо-ишора билан хабар бериш бўйича кўникмаларини шакллантириш кераклигини таъкидлаганди.

«Аслида бу каби воқеалар бизни болалар ҳимоясини янада мустаҳкамлашга ундаши ва масъулиятимизни янада ошириши зарур. Булар орқали болаларнинг ҳуқуқлари ҳимояланган ва хавфсизлиги таъминланган жамиятда яшашини таъминлашимиз керак», — деганди у.