Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили Алия Юнусова болалар тиланчилиги ҳақида ўз фиркларини билдирди. Унинг мақоласини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

COVID-19 пандемияси туфайли юзага келган инқироз жамиятимиздаги барча ижтимоий ҳодисаларни янада кучайтирди. Бугунги кундаги ўткир муаммолардан бири тиланчилик бўлиб, унда болалар жалб қилинмоқда.

Турли шаҳарларда тиланчилик қилаётган болаларни тез-тез кўришимиз мумкин. Улар кўпроқ йўлларда, дўконлар, ресторанлар яқинида, ер ости ўтиш жойларида учрайди. Кимдир пиёда ёки машинасида бу ҳолатга беэътибор ўтиб кетади, кимдир садақа беради. Болаларни меҳнатга мажбурлаётганлар бу болаларни болаликдан маҳрум қилишлари ҳақида ҳамма ҳам ўйламайди. Бу болаларнинг зўравонлик, қўрқитиш ва қийноқларга дучор бўлаётганлигини ҳам англатади.

Жумладан, бу болалар, қоида тариқасида, нормал инсоний муносабатлардан, таълимдан маҳрум, улар тўйиб овқатланмайдилар, соғлиғида муаммолар мавжуд.

Биз болаларнинг эксплуатациясига кўз юммаслигимиз керак. Болани эксплуатация қилиш — бу замонавий қуллик, бу вояга етмаганларга нисбатан зўравонликдир. Болалар ўзлари дуч келадиган хавфларни баҳолай олмайди. Ёши улғайган сари уларда тиланчилик пул топишнинг ягона ва тўғри йўли, деган ишонч пайдо бўлиши мумкин.

Болалар қашшоқлик туфайли кўпинча жиноий гуруҳлар эксплуатациясига дучор бўлиши, «тирик товар» сингари одамфурушлар қўлига тушиши мумкин. Улар одатда тиланчилик учун ишлатилади. Бу болалар томонидан йиғилган хайр-эҳсонлар уларга берилмаслигини англатади. Сахийлик болаларга ёрдам бермайди, балки уларни эксплуатация қилганларни бойитади. Вояга етмаган тиланчилар бу бизнес билан шуғулланувчи жиноятчиларга ажойиб даромад келтирадилар. Кўпинча, вояга етмаганлар ота-оналари томонидан эмас, балки бегоналар томонидан жалб қилинади.

Болалар тиланчилиги масаласи қонунчилик даражасида қандай тартибга солинади?

— Aйни пайтда болалар тиланчилиги билан боғлиқ вазият тартибга солинган. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий кодексининг 1883-моддасига кўра:

вояга етмаган шахсларни, кекса ёшдаги шахсларни, руҳий ҳолати бузилган, ногиронлиги бўлган шахсларни ва бошқа шахсларни тиланчилик қилишга жалб этиш, шунингдек шахсларга алкоголли ичимликларни ёхуд гиёҳвандлик моддалари ёки психотроп моддалар бўлмаган, лекин шахснинг ақл-идрокига таъсир кўрсатувчи моддаларни мажбуран истеъмол қилдирган ҳолда уларни тиланчилик қилишга жалб этиш, — базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 1271-моддасига мувофиқ, агар вояга етмаган шахсни тиланчиликка жалб қилганлик учун маъмурий жазо қўлланилгандан кейин яъна шу қилмиш содир этилса жиноий жавобгарликка тортиш назарда тутилган.

Шу билан бирга ушбу жиноятни оғирлаштирувчи ҳолатларда жазо кучайтирилган.

Ҳуқуқни қўллаш амалиёти қанчалик самарали?

Ушбу моддалар билан вояга етмаган тиланчиларнинг «кураторларини» жиноий жавобгарликка тортиш деярли мумкин эмас. Бунинг учун, болаларнинг жиноий бизнесга алоқадорлигини, яъни улар нима қилишларини билишларини исботлаш керак.

Aгар чақалоқ ҳақида гапирадиган бўлсак, бу янада қийинроқ. Чунки у тиланчилик билан шуғуллана олмайди, лекин фақат шу мақсадда ишлатилиши мумкин.

Болалар тиланчилиги билан қандай курашиш мумкин?

Ушбу муаммо юзага келганига қарамай, амалда унга кам эътибор берилади.

Болаларнинг қаровсизлиги ва бошпанасизлигининг асосий сабаблари оилавий муаммолар эканлигига ишонилади. Aфсуски, фарзандларини асраб-авайлаш ва тарбиялаш бўйича ўз мажбуриятларини лозим даражада бажармаётган ота-оналар сони йил сайин ортиб бормоқда. Ҳар йили мамлакатимизда носоғлом оилаларда яшовчи кўплаб вояга етмаганлар аниқланади.

Ва ҳар қандай ижтимоий давлатнинг вазифаси болаларни кўчанинг салбий таъсиридан ҳимоя қилиш ва оилада боланинг баркамол ва ҳар томонлама ривожланиши учун қулай шарт-шароитларни яратишдир.

Фарзандлар оиладан қочмаслиги, ота-оналар фарзандларини ташлаб кетмаслиги учун давлат барча ижтимоий шароитларни яратиши керак.

Болалар тиланчилигини олдини олиш бўйича профилактика чораларини кучайтириш зарур.

«Болалар тиланчилиги» тушунчаси ортида минглаб ногирон болалар тақдирлари яширинганини тушунишимиз керак.

Кўчада тиланчилик фактларини қандай камайтириш мумкин?

Барчамиз тиланчиликнинг намоён бўлишига қарши курашишни бошлашимиз муҳим. Биз пул беришни тўхтатишимиз керак. Кичкинтойлар билан тиланчилик қилишни тўхтатинг, айниқса йўлларда. Бу ижтимоий ҳодисанинг оқибатларини аҳолига тушунтириш зарур. Инсоннинг ўз ҳаракатлари учун жавобгарлигини шакллантириш муҳимдир. Катталар жавобгарликка тортилиши керак.

Бу тизимли иш бўлиши керак, афсуски, бугунги кунга қадар керакли даражага олиб чиқилмаган.