Бола ҳуқуқлари бўйича вакил (Болалар омбудсмани) Алия Юнусова болалар жуда ёмон шароитда яшаётгани сабабли Қашқадарё вилояти Китоб туманидаги 5-сонли Меҳрибонлик уйини тугатиш кераклигини маълум қилди. Омбудсман матбуот хизматининг «Газета.uz»га аниқлик киритишича, вакил меҳрибонлик уйи ўрнида Болалар шаҳарчасини ташкил этишни таклиф қилаяпти.

Мазкур меҳрибонлик уйидаги муаммо ва камчиликлар Болалар омбудсманининг 12−15 апрел кунлари Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларига хизмат сафари мобайнида аниқланган.

5-сонли Меҳрибонлик уйи. Фото: Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил матбуот хизмати.

Ташриф куни меҳрибонлик уйида 65 нафар (қизлар 28 нафар) тарбияланувчи бўлган. Уларнинг 15 нафарини чин етимлар ташкил этган. Жорий йилнинг январида мазкур меҳрибонлик уйида 83 нафар болалар истиқомат қилгани, уларнинг 15 нафари чин етимлар, қолган 27 нафари эса кам таъминланган оила фарзандлари эканлиги айтилганди.

«Тиббиёт хонаси, стоматолог хонаси, беморларни алоҳидалаш хоналарининг таги бетон қопламали бўлиб, заҳкаш. Болаларнинг бўш вақтини ўтказиш учун етарли шароитлар мавжуд эмас. Мебеллар эски», — дейилади хабарда.

Соғлом овқатлантириш ҳолатларини ўрганиш давомида Алия Юнусованинг эътиборини тарбияланувчиларнинг биринчи овқатни умуман емасдан чиққанлиги, иккинчи овқатга ҳам деярли қўл узатмаганликлари ўзига тортган.


Фото: Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил матбуот хизмати.

Таъкидланшича, «биринчи овқатга карам шўрваси қилинган бўлиб, у ўта ёғли ҳамда ўзига хос ҳидга эга бўлган. Болаларга тушликда шарбатлар берилмаган».

«Ҳолат юзасидан маҳсулотлар сифатини кўриш учун озиқ-овқат омборига ташриф буюрилганда маҳсулотлар сифати бузилганлиги карам, редиска, картошка ва нокларнинг чириб қолганлиги, гўшт рангининг ўзгарганлиги, кўплаб ёғлари борлиги аниқланди. Гўшт маҳсулотларини тортиб кўриш сўралганда тарози йўқлиги, ошхонанинг санитария ҳолати яхши эмаслиги, идишлар етишмаслиги, болаларга алюмин кружкаларда чой берилаётгани ва бошқа бир қатор камчиликлар борлиги маълум бўлди», — дейилади хабарда.

Фото: Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил матбуот хизмати.

Фото: Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил матбуот хизмати.

Фото: Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил матбуот хизмати.

Ҳолатни чуқур ўрганиш учун Китоб тумани прокуратурасидан мутасадди вакил чақирилган. Қолаверса, мавжуд камчиликларни бартараф қилиш юзасидан мутасаддиларга мажбурий кўрсатмалар берилган.

«Китоб туманидаги 5-сонли Меҳрибонлик уйини тугатиш керак. Болалар жуда ёмон шароитда яшашмоқда», — дея вакилнинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда омбудсман матбуот хизмати.

«Газета.uz»га маълум қилинишича, Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Алия Юнусова Республикадаги барча «Меҳрибонлик» ва болалар уйлари ўрнида Болалар шаҳарчаларини ташкил этишни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайди. Шундан келиб чиқиб, Болалар омбудсмани томонидан бу борадаги таклиф парламентга киритилиши режа қилинган.

Январь ойи ҳолатига, мамлакатда Халқ таълими вазирлигига қарашли 17 та «Меҳрибонлик» уйи ҳамда 4 та Болалар шаҳарчаси фаолият юритмоқда. Уларда 2047 нафар етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган вояга етмаганлар тарбияланмоқда. Улардан 316 нафари чин етим, 506 нафарининг отаси ёки онаси бор. 770 нафар бола оталик ва оналик ҳуқуқидан маҳрум этилганларнинг фарзандлари, 235 нафари кам таъминланган оила фарзандлари.

Фото: Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил матбуот хизмати.

Фото: Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил матбуот хизмати.