26 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар Омбудсман ўринбосари — Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозимига Алия Юнусова номзодини маъқуллади, деб хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Алия Юнусова (1961 йилда туғилган) — иш фаолиятини Тошкент давлат тиббиёт институтида (1983−1989 йилларда) ўқитувчиликдан бошлаган. У турли йилларда Ўзбекистон Фанлар академиясининг Мўминов номли фалсафа ва ҳуқуқ институтида аспирант (1989−1999), кичик илмий ходим, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитада I даражали мутахассис (1991−1993), бош мутахассис, инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон миллий марказида бўлим мудири (1999−2005) лавозимларида меҳнат қилган. Юнусова 2005−2020 йилларда — учинчи чақириқ Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати бўлган.

Ушбу лавозимдаги шахс, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида«ги қонуннинг 5-моддасига мувофиқ, вакил ўз лавозимидан муддатидан илгари озод қилинган тақдирда, вакил ўринбосари унинг вазифасини янги вакил сайлангунига қадар бажариб туради ва вакил учун белгиланган кафолатлар ана шу даврда унга нисбатан татбиқ этилади.

Ўзбекистон Конституциясининг 78- моддасининг 16- бандига мувофиқ, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ва унинг ўринбосарини сайлаш икки палатанинг биргаликдаги ваколатига киради. Шу сабабли, ушбу масала Сенат томонидан ҳам кўриб чиқилиши, номзод маъқулланиши лозим.