Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт туманидаги 12 яшар қизнинг аянчли ўлими Ўзбекистонда болалар хавфсизлиги тўлиқ таъминланмаганини кўрсатади. Бу ҳақда Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Алия Юнусова таъкидлади.

«Шахсан менга юборилаётган мурожаатлар орасида оила аъзолари, буваси, ўгай акаси ёки ўгай отаси томонидан мунтазам жинсий зўравонликларга учраётган болалар ҳам топилади. Ҳатто 4−9, 10−14 ёшли болаларга нисбатан жинсий зўравонликлар амалга ошириляпти. Албатта, бу — жуда ачинарли ҳолат. Бундай мурожаатларни ўқиш жуда оғир. Ахир болалар ҳимояга муҳтож-ку. Бу ҳолатларни ўзимиз назоратга олиб, Бош прокуратурага расмий хат билан мурожаат қиляпмиз», — деб ёзади у.

Юнусованинг сўзларига кўра, болаларга нисбатан қўлланадиган жинсий зўравонликларга бериладиган жазо турини кучайтириш орқали юқоридаги ҳолатларга барҳам бериш мумкин.

«Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон 1995 йил 31 августда „1966 йил 16 декабрдаги Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактга доир факультатив баённома“га қўшилган. Ушбу ҳужжатга асосан мамлакатимизда ўлим жазоси бекор қилинган ва бу давлатимизнинг халқаро мажбурияти ҳисобланади. Шундай экан, Болалар омбудсмани болаларга нисбатан жинсий зўравонлик қилган шахсларга энг оғир жазо тури қўлланиши ҳамда уларга ҳеч қандай амнистия акти ёки афв этиш асосида жазодан озод қилиш, жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш ва жазони енгилроғи билан алмаштириш қўлланмаслиги керак, деган позицияда турибди», — дейилади омбудсман ахборотида.

Қўшимча қилинишича, Бола омбудсмани мурожаатлар таҳлили ва ўтказган ўрганишлари давомида таклифлар тайёрлаб, тегишли ташкилотларга юборган. Бундан ташқари, болаларга яратилган шароитлар ҳам ўрганилиб, аниқлаган камчиликлар бўйича тавсиялар берилган.

«Лекин, шу билан биргаликда, болалар шахсан ўзлари Бола омбудсманига мурожаат юборишлари учун қисқа ишонч телефонлари фаолиятини зудлик билан йўлга қўйиш лозим. Боғча, мактаб ва бошқа муассасаларда болаларнинг руҳий ҳолатини ўрганадиган мутахассислар сони ва малакасини ошириш керак. Судья, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ва адвокатларнинг бола ҳуқуқлари кафолатлари бўйича ихтисослашувини кучайтиришимиз зарур», — дейди Алия Юнусова.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг айтишича, болаларнинг ҳам зўравонликка учраганда, оила аъзолари томонидан таҳқирланганда ёки бошқа ҳолатларда имо-ишора билан хабар бериш бўйича кўникмаларини шакллантириш керак.

«Аслида бу каби воқеалар бизни болалар ҳимоясини янада мустаҳкамлашга ундаши ва масъулиятимизни янада ошириши зарур. Булар орқали болаларнинг ҳуқуқлари ҳимояланган ва хавфсизлиги таъминланган жамиятда яшашини таъминлашимиз керак», — дейди у.

Эслатиб ўтамиз, Тошкентнинг Янгиҳаёт туманида 31 январь куни 12 ёшли қиз бедарак йўқолиб қолган. 1 февралга ўтар кечаси соат тахминан 2:30 да унинг мурдаси ўз уйи яқинидан топилган. Ҳолат юзасидан 29 ёшли эркак ушланган, унга нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «в», «з» бандлари (Айбдорга аён бўлган ожиз аҳволдаги шахсни номусга тегиш ёки жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб, ғайритабиий усулда қондириш билан боғлиқ ҳолда қасддан ўлдириш) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган.

Бош прокуратура маълумотларига кўра, «гумонланувчи шахс 2022 йилнинг ёзида марҳуманинг хонадонида ёлланма ишчи сифатида таъмирлаш ишларини амалга оширган».