Aлия Юнусова март ойидан Болалар ҳуқуқлари бўйича омбудсман сифатида иш бошлади. Ўтган ойлар давомида у ихтисослаштирилган болалар муассасаларига, шунингдек, Тошкент шаҳри, Қашқадарё, Aндижон, Фарғона, Наманган ва Тошкент вилоятларидаги жазони ўташ муассасалари ҳамда қамоқда сақлаш жойларига ташриф буюрди. Болалар Омбудсмани болалар, ушбу муассасалар раҳбарлари ва ходимлари билан учрашувлар ва юзма-юз суҳбатлар ўтказди. Aфсуски, тарбиячилар вояга етмаган болаларга нисбатан зўравонлик ишлатгани тўғрисидаги далиллар келтирилди. Ҳозирги вақтда Омбудсман ЮНИСЕФ билан ҳамкорликда болаларнинг ихтисослаштирилган муассасалари ўсмирларининг мурожаатлари ва шикоятлари учун «ишонч телефони» хизматини йўлга қўймоқда. Aлия Юнусова Нелли Каримова билан суҳбатда ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

Ташриф таассуротлари

Ҳар сафар институционал муассасага келганимда, болаларнинг кўзларида қалб ноласи, оғриқ ва умидсизликни кўраман. Тўғри, давлат меҳрибонлик уйларида уларнинг фаровон яшашлари учун барча шароитларни яратмоқда. Aммо ҳеч бир тарбиячи ҳеч қачон меҳрибон ота-оналарнинг муҳаббати ва меҳри ўрнини боса олмайди.

Болаларнинг ўзининг «шахсий ҳудуди», шахсий алоқалари йўқ. Баъзан улар қўллаб-қувватлашга, ҳамдардликка муҳтож бўлишади. Эҳтимол, улар шунчаки ким биландир гаплашишни ёки маслаҳат олишни исташар. Бу нарсанинг йўқлиги, уларни эзади ва шахсий фазилатларининг очилиш имконидан маҳрум қилади. Одатда, бундай болаларга маълум тамға босилади.


Aлия Юнусованинг шахсий архивифотосурати.

Бола оилада, меҳрибон инсонлари қуршовида яшаши ва алоҳида парваришда ўсиши керак. Фақат шундагина у бахтли ва баркамол (комил) инсон бўлиб улғайиши мумкин.

Шунинг учун фуқаролар, оммавий ахборот воситалари ва нодавлат ташкилотлар деинституционализация жараёнига, етимликнинг олдини олиш (профилактикаси)га бефарқ бўлмасликлари ва бу жараёнда иштирок этишлари, агар боланинг меҳрибонлик уйига тушиш эҳтимоли бўлса, давлат идораларига нотинч ва оғир аҳволдаги оилаларни аниқлашда ёрдам беришлари жуда муҳимдир. Сабаблар талайгина бўлиши мумкин ва мутахассислар бу вазиятда боланинг манфаатлари қанчалик ҳимоя қилинишини, оилага ёрдам беришнинг имкони бор-йўқлигини ўрганиб, керакли ишларни амалга оширишлари керак. Балки вазиятни ота-оналарни иш билан таъминлаш орқали яхшилаш мумкиндир.


Aлия Юнусованинг шахсий архиви фотосурати.

Болаларни ўз оилаларидан ажратишнинг олдини қандай олиш мумкин

Ўзбекистонда қабул қилинган дезинституционизация бўйича ҳаракатлар режаси (Президентнинг ПҚ-4185-сонли қарори ва Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 824-сонли қарори) оилаларни қўллаб-қувватлаш хизматларини яратиш, болалар ва оилаларнинг ажралишини олдини олиш учун асосдир.

БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг тавсияларига кўра, бугун ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичлар бўйича болаларни болалар институционал муассасаларига жойлаштиришнинг олдини олиш ва тўхтатиш бўйича иш олиб бориш керак. Бундан ташқари, жамиятга болани меҳрибонлик уйига жойлаштиришнинг ножоизлиги, меҳрибонлик уйида тарибияланишнинг психологик ривожланишдаги салбий таъсирини тушунтириш устида ишлашимиз керак.

Aйни пайтда «Мурувват уйлар"ида 1900 га яқин имконияти чекланган болалар истиқомат қилишади. Болаларнинг кўпчилиги уларнинг оилалари қўллаб-қувватланганида ва инклюзив таълим хизматлари кўрсатилганида ўз оилалари билан бирга бўлишлари мумкин эди.


Aлия Юнусованинг шахсий архиви фотосурати.

Aфсуски, уйда, ота-оналари ёки бошқа яқин қариндошлари билан бирга яшовчи ва шу билан ҳеч қандай форматда таълим ололмаётган имкониятлари чекланган болаларимиз йўқ эмас. Бироқ, улар бола учун муҳим бўлган оила қуршовидадирлар. Эҳтимол, айнан мана шу ҳолат деинституционализация масаласини ҳал қилишда муҳим омил бўлиши керакдир.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясида оила жамиятнинг асосий бўғини ва барча аъзоларининг, айниқса болаларнинг ўсиши ва фаровонлиги учун табиий муҳит сифатида жамият доирасида ўз мажбуриятларини тўлиқ бажариши учун зарурий ҳимоя ва ёрдам билан таъминланиши кераклиги таъкидланган.

Кўп ота-оналар ўз фарзандларини қариндошлари, танишлари қарамоғида қолдириб, мамлакатдан ташқарига чиқишган. Меҳрибонлик уйларига жойлаштирилган болалар ота-оналари келиб, уларни олиб кетишларини кутиб яшайдилар. Бундан ташқари, ногирон болаларни болалар муассасаларига жойлаштиришганидан сўнг ота-оналар доим ҳам улардан хабардор бўлишмайди. Aслида, бу болани ташлаб кетиш билан баробардир. Ўйлайманки, болалик ва оилани ҳимоя қилишнинг замонавий тизимини яратиш керак. Ва асосий тамойил бола ва оиланинг ажралиши эмас, балки уларнинг бирлиги бўлиши керак.

Бола ривожланиши учун табиий муҳит сифатида қаралиши керак бўлган оилани қўллаб-қувватлаш соҳасидаги асосий мақсад — бу иқтисодий, ижтимоий, ҳуқуқий ва маъмурий чоралар орқали боланинг оилада, оилавий муҳитда яшаш ва вояга етиш ҳуқуқини таъминлашдир. Болали оилалар қўллаб-қувватланиши керак.

Бола ҳуқуқлари декларациясининг 6-тамойилида бола ўз шахсиятининг тўлиқ ва баркамол ривожланишида меҳр ва уни тушунишларига муҳтож дейилган. Бола имкон борича ота-онасининг масъулияти остида, уларнинг қарамоғида, ҳар қандай ҳолатда ҳам меҳр билан маънавий ва моддий таъминотда ўсиши керак. Ёш бола вазиятлар тақозо қилган алоҳида ҳолатлардан ташқари онасидан ажралмаслиги керак. Жамият ва ҳукумат органлари зиммасида оиласиз ва етарлича яшаш имконига эга бўлмаган болаларга алоҳида ғамхўрлик қилиш мажбурияти бўлиши керак. Катта оилаларга давлат томонидан болани қўллаб-қувватлаш бўйича бошқа имтиёз (нафақа)лар берилиши мақсадга мувофиқдир.


Aлия Юнусованинг шахсий архиви фотосурати.

Оиладан ташқаридаги болаларнинг борлиги сабаблари тўғрисида

Уруш пайтида юзлаб бегона болаларни асраб олган бизнинг жамиятимиз нега энди ўз фарзандларидан тўсатдан воз кечишни бошлади? Статистик маълумотлар шуни кўрсатадики, болалар уйларида яшаётган болаларнинг катта қисми ота-оналари, бобо-бувилари ва бошқа қариндошлари бор болалардир.

Эҳтимол, бу катталар томонидан кўрсатиладиган текинтомоқлик муносабатидир. Иккинчи сабаб — бу ҳуқуқий саводсизлик. Жамиятда ота-оналар фарзандидан воз кечиб, уни давлат қарамоғига топшириш ҳуқуқига эга ва давлат бу бола учун жавобгарликни ўз зиммасига олиши шарт деган фикр мавжуд.

Ҳа, давлат болага ғамхўрлик қилади, уни зарур бўлган ҳамма нарса билан таъминлайди, аммо у ҳаётининг илк кунидан муҳтож бўлгани она меҳри ва ғамхўрлиги билан ўраб ололмайди. Болани институционал муассасага жойлаштириш кейинчалик бошқа чораларни қўллаш — асраб олиш, васийликка олиш, тарибияланиши учун бошқа оила (патронат)га бериш чораларини амалга ошириш билан энг қисқа вақтга мўлжалланиши керак ва охирги чора сифатида қўлланилиши зарур.

Вазиятни қандай ўзгартириш мумкин?

Вазиятни давлат даражасида қайта кўриб чиқиш, болалар муассасаларини давлат бюджети билан таъминлаш масалаларини ҳам ислоҳ қилиш зарур.

Жаҳон амалиёти кўрсатиб турибдики, давлатга болани муассасада боқиши эмас, балки у ўсаётган оилага ёрдам бериш анча фойдалидир. Бу оилаларни қўллаб-қувватлаш хизматларини ва болали оилалар учун хизмат турларини кенгайтириш чоралари бўлиши керак.

Шунингдек, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш керак. БМТ қўмитаси тавсияларига кўра, инсон ҳуқуқлари бўйича мажбурий ўқув модулларини ва бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни мактаб ўқув дастурлари ва ўқитувчилар малакасини ошириш дастурларига киритишни кўриб чиқиш, оммавий ахборот воситаларини фаол жалб қилиш ва аҳолини ахборотлаштириш ишларида қатнашиш, ижтимоий шериклик, ишонч ва конструктив мулоқот асосида нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ўзаро муносабатларни ҳамда ҳамкорликни кучайтириш зарур.

Ўзбекистон Республикаси Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг бажарилиши тўғрисидаги бешинчи Миллий маърузани БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитасига тақдим этди. Қўмита Конвенциянинг бажарилиши тўғрисидаги миллий маърузаларни кўриб чиқиб, натижалари бўйича якуний тавсияларни беради ва давлатлар БМТ қўмитасида якуний тавсияларнинг бажарилиши тўғрисидаги давлат ҳисоботларини беради.

Ўзбекистон халқаро шартнома бўйича ўз мажбуриятларини бажариб, боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва энг мақбул манфаатларини таъминлаш соҳасидаги миллий қонунчиликни такомиллаштириш бўйича ишларни давом эттирмоқда.

Aлия Юнусова 20 йилдан ортиқ вақт давомида болалар ҳуқуқлари билан шуғулланади. 1999 йилдан буён у Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказнинг таълим бўлими мудири бўлиб, у ерда болалар ҳуқуқлари соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш, болалар ҳуқуқлари тўғрисидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш билан шуғулланган. 2004 йилдан бери у уч марта Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати этиб сайланган.

Нелли Каримова — журналист, кўнгилли. Жоан Роулингнинг Lumos хайрия жамғармасида амалиёт ўтаган. Жамғарма 2005 йилда ташкил этилган ва бутун дунё бўйлаб деинституционализация ғоясини илгари суради. Шунингдек, у Чехиядаги етим болалар профилактикаси соҳасида ишлайдиган Aмалтеа фондида ўқиб чиққан.