31 январь куни Янгиҳаёт туманида зўрлик ва қотиллик аломатлари билан 12 ёшли қизнинг мурдаси топилди, дея хабар бермоқда Бош прокуратура матбуот хизмати.

Мазкур ҳолат юзасидан Янгиҳаёт тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «в, з» (айбдорга аён бўлган ожиз аҳволдаги шахсни номусга тегиш ёки жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб, ғайритабиий усулда қондириш билан боғлиқ ҳолда қасддан ўлдириш) бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноят иши бўйича гумонланувчи шахс (29 ёшли эркак) Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланган.

Таъкидланишича, гумонланувчи шахс марҳуманинг хонадонида 2022 йилнинг ёз ойиларида ёлланма ишчи сифатида таъмирлаш ишларини амалга оширган.

«Мазкур иш бўйича ҳақиқатни аниқлашга тўсқинлик қилиш ҳолатларини олдини олиш мақсадида фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситадиган маълумотлар ва бошқа тафсилотлар ошкор қилинмайди», — дейилади хабарда.