Ижтимоий тармоқларда йигит қизни машинага мажбуран ўтирғизиб олиб кетмоқчи бўлгани акс этган видео тарқалди.

Кадрларда йигит ва қиз йўл бўйлаб кетаётганини кўриш мумкин. Уларга параллель ҳолда Lacetti автомобили ҳам секин ҳаракатланган, кейин эса кескин бурилиб, қизнинг йўлини тўсган. Шу пайт йигит қизни ушлаб, машинага ўтиришга мажбурлаган. Бироқ қиз қочишга муваффақ бўлган, шундан сўнг номаълум шахслар воқеа жойидан кетган.

Фарғона вилояти ИИБ матбуот хизматининг «Газета.uz»га хабар беришича, ҳолат Марғилон шаҳрида содир бўлган. Гумонланувчиларнинг шахси аниқланган, улар ички ишлар бўлимига таклиф қилинган, — дейилади бошқарма хабарида.

«Вазият вилоят ИИБ назоратига олинди. Ҳолат бўйича кейинроқ қўшимча маълумот тақдим этилади», — деди «Газета.uz»га вилоят ИИБ матбуот котиби.