Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ёқилғи-энергетика соҳасида бозор механизмларини босқичма-босқич жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисидаги ҳукумат қарори лойиҳасини муҳокама учун эълон қилди. Ҳужжатда 1 октябрдан юридик шахслар учун газ ва электр энергияси нархларини либераллаштириш кўзда тутилган.

Электр

Аҳоли учун 1 кВт/соат электр энергияси нархи ўзгаришсиз — 295 сўм қолади.

I ва II гуруҳ истеъмолчилари — Навоий кон-металлургия комбинати, Олмалиқ КМК, Ўзбекистон металлургия комбинати ва уларнинг таркибий корхоналари, бюджет ташкилотлари, шунингдек, насос станциялари учун 1 кВт/соат электр энергияси нархи 450 сўмдан 1000 сўмга (2,2 марта) ошади, бошқа юридик шахслар (компаниялар) учун эса — 450 сўмдан 900 сўмгача (2 баравар).

Овқат тайёрлаш учун марказлашган ҳолда электр плиталари билан жиҳозланган кўп квартирали уй-жойлар ва ётоқхоналарда яшайдиган маиший истеъмолчилар учун тариф ҳам ўзгаришсиз қолди — 147,5 сўм этиб белгиланди.

Табиий газ

Аҳолига етказиб берилаётган табиий газнинг бир кубометри нархи ҳам ўзгармайди — 380 сўм.

Газни ҳисобга олиш приборлари мавжуд бўлмаганда, овқат тайёрлаш ва иссиқ сув таъминоти учун бериладиган газнинг бир кубометри 660 сўм (ўзгаришсиз қолади), иситиш учун — 380 сўм (ўзгаришсиз қолади)) бўлади.

Навоий КМК, Олмалиқ КМК, «Ўзметкомбинат» ва бюджет ташкилотлари учун бир кубометр газ нархи 660 сўмдан 1800 сўмгача (2,7 баравар) оширилади. Бошқа юридик шахслар учун эса нарх 660 сўмдан 1500 сўмгача (2,3 баравар) ошади.

Аҳоли учун суюлтирилган газ тарифи ўзгармайди — 1120 сўм.

Энергия бозорини либераллаштириш ҳаракати

Ўзбекистонда газ ва электр энергиясига тарифлар охирги марта 2019 йил август ойида оширилган эди. Энергия ресурслари бўйича нархларни либераллаштириш ва энергетика соҳасини ислоҳ қилиш ишлари бир неча бор ортга сурилган.

Ҳукумат 2020 йилнинг февраль-март ойларида электр энергияси ва газ тарифларини оширишни режалаштирган эди, бироқ коронавирус пандемияси туфайли бу чорани кейинга қолдирган. 2020 йил октябрь ойида «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти раиси Улуғбек Мустафоев президент томонидан 2021−2022 йилларда электр энергияси тарифларини оширмаслик вазифаси қўйилгани ҳақида маълум қилганди.

Биз 2022 йил май ойида Ўзбекистонда 7,3 миллион абонент электр энергияси истеъмол қилиши, уларнинг 80 фоизи ойига ўртача 200 кВт/соатгача электр энергиясини сарфлаши ҳақида ёзгандик. Ваҳоланки, бу уй хўжаликлари аҳоли томонидан истеъмол қилинадиган умумий электр энергиясининг атиги 31 фоизини (5,7 миллиард кВт/соат) ташкил этади.

4 миллион газ абонентининг 85 фоизи ойига ўртача 500 куб метргача газ истеъмол қилади. Шу билан бирга, улар аҳоли умумий истеъмолининг атиги 35 фоизини (4,5 миллиард куб метр) ташкил қилади.

Ҳукумат 2022 йил 15 июлдан энергия истеъмолининг ижтимоий нормасини жорий этишни ва лимитларни жорий қилишни режалаштирган эди, чунки кўпроқ истеъмол қилганлар давлат субсидияларининг катта қисмини олади, бироқ кейинчалик бу борадаги қарор кейинга қолдирилган.

Ўтган йил охирида президент аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаган ҳолда энергия ресурсларига бозор нархларини жорий этиш зарурлигини таъкидлаганди.

Февраль ойида Марказий банк раҳбари ўринбосари Беҳзод Ҳамроев май ойида электр энергияси ва газ нархларининг либераллаштирилиши кутилаётгани ҳақида хабар берганди. Март ойи охирида иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Дилшод Султонов 2023 йилда энергия ресурслари учун тарифларни ошириш режалаштирилмагани, бироқ бу масала муҳокама қилинаётганини айтган.

Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимовнинг таъкидлашича, Ўзбекистон энергетика соҳасидаги жорий нарх сиёсати камбағалларнинг қашшоқлашишига, бойларнинг бойиб кетишига олиб келмоқда. Энергетика компанияларига бозордан ташқари нархларни қўллаб-қувватлаш учун берилган миллиардлаб долларлик субсидиялар бойлар учун кўпроқ фойдалидир, деган у.

Бундан ташқари, паст тарифлар туфайли энергетика компаниялари миллиардлаб доллар зарар кўрмоқда.