Бухоро вилояти адлия бошқармасининг кўмаги билан Ғиждувон шашлиги географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказилди (патентланди), дея хабар бермоқда Адлия вазирлиги матбуот хизмати.

Вилоятда биринчи бўлиб рўйхатдан ўтган ушбу географик кўрсаткичдан фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқловчи гувоҳнома унинг эгаси, яъни Ғиждувон тумани ҳокимлигига гувоҳномада кўрсатилган товар турига нисбатан фойдаланиш ҳуқуқини беради.

Гувоҳнома вилоят адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Ш.Баҳронов томонидан Ғиждувон тумани ҳокими Шерзод Ашуровга топширилди.

патент, ғиждувон шашлик

Туман ҳокими эндиликда Ғиждувон шашлигини пишириш учун ҳокимиятдан рухсат олиб, тўловини тўлаб, кейин пишириш кераклиги ҳақида гапирди.

«Қаерга борилса, ҳамма ресторанларда Ғиждувон шашлиги деб ёзишадими? Энди туман ҳокимлигининг рухсатисиз у номни ҳеч ким ҳеч қаерга ёзолмайди. Мабодо Ғиждувон шашликлари пишираман деса, албатта, у Ғиждувонга келиб, ҳокимиятдан рухсат олиб, тўловини тўлаб, ғиждувонликлардан сўраб, кейин пиширади, бу — бизнинг бренд. Мана, Ҳиндистон Ойга ўзининг космик кемасини учирди, Худо хоҳласа, биз учинчи ренессанс фарзандларини тарбияласак, биз, ғиждувонликлар, ойга етиб борамиз. Ўша ерда Ғиждувон шашликларини пиширамиз, албатта», — деди Шерзод Ашуров.

Бироқ Адлия вазирлиги матбуот хизматининг «Газета.uz»га маълум қилишича, бунинг учун ҳокимиятдан рухсат олиш ва ҳеч қандай тўлов шарт эмас. Туман ҳокими ҳазиллашган бўлиши мумкин.

Маълумот учун, товарни муайян географик объект ҳудудидан келиб чиққан товар сифатида идентификацияловчи белги географик кўрсаткич деб аталиб, унда товарнинг сифати, ном қозонгани ёки бошқа хусусиятлари унинг географик жиҳатдан келиб чиқишига сезиларли даражада боғлиқ бўлади.

Муайян товарнинг географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказилиши жисмоний ва юридик шахсларга қўшимча мажбуриятларни юкламайди. Географик кўрсаткичларни ҳуқуқий жиҳатдан муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш қонунда белгиланган тартибда амалга оширилади.