Наманган вилоятига Хитойнинг Yutong компаниясидан 100 дона ZK6890HG моделидаги янги автобус олиб келинади, дея хабар берди Транспорт вазирлиги матбуот хизмати.

Наманган вилояти ҳокими ўринбосари Саидаҳмад Султонов Тошкентда Yutong Bus Co компаниясининг МДҲ мамлакатлари бўйича президенти Жефф Сяо бошчилигидаги делегация вакиллари билан учрашди. Музокаралар давомида Xumo avto plyus МЧЖ ҳамда Yutong Hongkong Limited компанияси ўртасида 100 дона ZK6890HG моделидаги автобусни сотиб олиш юзасидан шартнома имзоланди.

Наманган вилояти Транспорт бошқармасининг «Газета.uz»га берган маълумотларига кўра, шартномада белгиланган сумманинг 30 фоизи тўланган ва автобусларнинг дастлабки 20 таси бир ҳафта ичида етказиб берилиши кутилмоқда. Қолган автобуслар кейинги 70 фоиз сумма тўланганидан кейин 5 ҳафта ичида, ҳафтасига 20 тадан етказиб берилиши режалаштирилган.

Шунингдек, учрашувда вилоятда аҳолига кўрсатилаётган транспорт хизматлари сифатини ошириш мақсадида йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи корхоналар ҳаракат таркибини янгилаш, замонавий автобуслар сотиб олиш ва уларга сервис хизматлари кўрсатишни ташкил этиш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитойнинг Yutong Bus компанияси Тошкентга 800 та автобус, шу жумладан, 300 та электробус етказиб бериш бошланганини маълум қилганди.

Компания Самарқандга ҳам 2023 йил охиригача 100 та, жумладан, биринчи яримйилликда 6 та, учинчи чорак охиригача эса 94 та электробус етказиб бериши режалаштирилган. Шаҳарга электробуслар харид қилиш лойиҳаси Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан бирганликда амалга оширилаётган бўлиб, унда жами 350 та электробус харид қилиш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, Хоразм вилоятига ҳам 2023 йил якунига қадар Хитойнинг Zhongtong компаниясидан 100 та йўловчи автобуси олиб келинади.