Ижтимоий тармоқларда 2-автобус бекати ҳудудида турган электробус ҳайдовчиларининг автомобилларни зарядлашдаги муаммолар ва ойлик маошлари кечикаётганидан шикоят қилган видеомурожаати тарқалди.

Видеода 10 га яқин ҳайдовчининг «тепадаги раҳбарлар»га мурожаат қилиб, муаммоларини айтаётганини кўриш мумкин. Уларнинг сўзларига кўра, ҳайдовчилар ҳар куни эрталаб соат 4−4:30 да ишга келади, лекин машиналар қувватланмаган бўлади.

«Соат 8 бўляпти, заряди энди 10% бўлди, биз ҳали ҳам ишга чиқолмаяпмиз», — дейди улар.

«Ҳар куни шунақа аҳвол. Битта смена ишлаяпти, иккинчиси заправка қиляпти. Соатларимиз, мунтазамлик бузилган. Режаларни бажара олмаяпмиз. Кечаси келамиз, эрталабгача турамиз», — дейди ҳайдовчилар.

«Ишга чиқмасак, оиламиз, рўзғоримиз бор. Бу ерда оиласининг ягона боқувчиси бўлган ҳайдовчилар бор. Соат 9−10 да йўлга чиқиб кетсак ҳам, биздан режа сўраяпти. Нима қилишимиз керак? Ё планни кўриб бериши керак, ё соатларни тўғрилаш керак, ё заправкани ҳал қилиб берсин», — деб таклиф қилимоқда улар.

«Ойликларимиз вақтида тушмаяпти. Июннинг ойлигини ололмаганлар бор. Оила, бола-чақамизни қандай боқамиз? Мактаб [янги ўқув йили назарда тутилмоқда — таҳр.] ҳам яқин. Кредит олганлар бор орамизда. Давлат режасини ҳам қила олмаяпмиз. Тўрт, бешта рейс қиляпмиз, лекин режа сўрашяпти», — дейди ҳайдовчилар.

«Тепада ўтирган раҳбарлардан муаммоларимизни ҳал қилиб беришини илтимос қиламиз. Кўчага кечроқ чиқсак, йўловчилар биздан шикоят қиляпти. Тушунтирмоқчи бўлсак, гапларимизни умуман инобатга олишмаяпти. Ҳаммаси бу сизнинг муаммонгиз, дейди. Бўлмаса ишлама, деяпти. Ҳайдовчи касбининг машаққатларини билардик, лекин бунақа муаммоларимизни ҳал қилишга ёрдам беришлари керак. Калтак бошимизда синяпти. Биз нолимаяпмиз. Зарядлаш муаммосини ҳал қилиб беринглар. Юртбошимизга раҳмат, бизга янги автобуслар беришди, одамлар ҳам хурсанд, шароитлар яхши. Лекин зарядкаси бизни қийнаяпти», — деди улар.

Видеода ҳайдовчилар 30, 25% зарядланган ва ҳали зарядлаш учун навбати кутилаётган машиналарга ишора қилган. Улар ишга келганда машиналар тўлиқ қувватланган бўлишини сўрамоқда. Электробусларни тўлиқ зарядлаш тахминан 4−5 соат давом этади.

Аввалроқ автотураргоҳларда зарядлаш станциялари етишмаётгани хабар қилинганди. Май ойида Тошкентга янги автобуслар ва катта сиғимли электробуслар кела бошлаганида «Тошшаҳартрансхизмат» акциядорлик жамияти зарядлаш шохобчалари етишмаётгани сабабли айрим электробуслар йўналишга чиқмаганини тан олган.

Компания, шунингдек, барча зарядлаш станциялари тармоққа уланмагани, чунки уларнинг юқори қуввати туфайли тегишли электр инфратузилмасини талаб этишини маълум қилган.