20 апрель куни Тошкентдаги йўналишларга 169 та катта ва ўта катта сиғимли автобус билан бирга янги Yutong электробуслари ҳам йўналишларга чиқарилди. Бироқ сўнгги ҳафтада барча транспортлар ҳам рейсларга жўнатилмаётгани, кечга бориб эса бундай автобуслар миқдори яна камайгани айтилди. Бу ҳақда «Ко дну» Telegram каналида хабар берилди.

Канал маълумотларига кўра, автобазаларда қувват олиш шохобчалари етишмаётгани сабабли улар жойлашган жойда электробуслар навбатлари пайдо бўлган.

«Тошшаҳартрансхизмат» ташкилоти душанба куни зарядлаш шохобчалари етишмаётганини тан олди ва Ўзбекистон президентининг февраль ойида пойтахтга 1000 та автобус ва электробус сотиб олиш кўзда тутилган қарорига мувофиқ, март ойидан бошлаб автопаркларни янги вагонларга мослаштириш ва сифатли техник хизмат кўрсатиш учун реконструкция қилиш бўйича дастур амалга оширилганини маълум қилди.

Барча автотураргоҳлар ҳудудида зарядлаш шохобчалари қурилмоқда. 1-паркда жами 22 та, 4-да 20, 7-да 28, 8-да 30, 18-да 18, 5-паркда 20 та станция ўрнатиш режалаштирилган.

Ҳозирча 8-паркда 30 та, 7-автобус саройида 28 та зарядлаш станцияси мавжуд. Электробусни тўлиқ зарядлаш тахминан 4−5 соат давом этади. «Тез кунларда автобус парклари ҳудудида 80 та зарядлаш станцияси фойдаланишга топширилади», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, президентнинг юқорида қайд этилган қарорига кўра, май ойида12 метр узунликдаги 700 та катта сиғимли автобус, жумладан, 200 та ўта катта сиғимли 18 метрли бўғинли автобус («гармошка»), шунингдек, 300 та 12 метрли электробус келиши керак. Машиналарнинг умумий қиймати 210 млн долларни ташкил этади.