21 август куни Қозоғистоннинг Туркистон вилоятида бирданига 11 киши Сирдарёда чўкиб кетиб ҳалок бўлди. Бу ҳақда Tengrinews ёзмоқда.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати соат 18:00 атрофида аҳолидан одамлар сувга чўкиб кетгани ҳақида хабар келиб тушганини маълум қилди. Сузишга келган 20 кишидан 11 нафари чўкиб кетган. Уларнинг 5 нафари болалар.

«Улар бир оиланинг аъзолари ёки ҳеч бўлмаганда қариндош бўлиши мумкин. Улар дарё бўйида дам олишга қарор қилган. Қирғоқ эса жуда сирпанчиқ. Афтидан, улардан бири сирпаниб, чўка бошлаган, бошқалари эса уни қутқаришга уринган ва улар ҳам чўкиб кетган… Бу чўмилиш учун мўлжалланмаган ҳудуд ҳисобланади», — дейилади Туркистон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабарида.

Ҳозирда сувдан 8 кишининг жасади чиқарилган, қолганларини қидириш ишлари давом этмоқда.

Қидирув тадбирларига жами 144 та бригада, 16 та техника ва 6 та сузиш воситаси жалб этилган. Вазият вилоят раҳбари назоратида, дейилади хабарда.

Қўшимча қилинишича, фожиа содир бўлган жойга вилоят ҳокимининг ўринбосарлари етиб борган. Шунингдек, қурбонлар хонадонларига бориб, яқинларига ҳамдардлик билдирилган. Уларга тегишли ёрдам кўрсатилади.