Бу йил қишда Ўзбекистон аҳолиси ижобий ўзгаришларни сезади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев 18 август куни тадбиркорлар билан учрашувда айтиб ўтди.

«Бир нарсани тўғри тушунишимиз зарур, биз айрим мамлакатлар каби нефть ва газ ресурсларини сотиш эвазига юқори иқтисодий ўсишни таъминлай олмаймиз. Мана шуни ҳаммамиз билишимиз керак. Бизда бундай ресурслар йўқ. Бори ҳам, халқимиз кўпаймоқда, ўзимизга керак, четга сотолмаймиз. Биз бу [борада] кўп ишлар қиляпмиз. Худо хоҳласа, бу йил халқимиз нима ишлар қилганимизни қишда сезади», — деди президент.

«Лекин яна бир марта айтаман, нефть ва газ сотиш ҳисобига юқори иқтисодий ўсишни таъминлай олмаймиз. Бизнинг „нефтимиз“ ҳам, „газимиз“ ҳам бу — сиз каби ташаббускор ва ишбилармон тадбиркорлар хом ашёддан яратаётган юқори қийматли ва сифатли маҳсулотлардир. Нефтни, газни сотишга имкониятимиз йўқ, ўзимизга керак», — деди давлат раҳбари.

Қишда нима бўлган эди?

2023 йил 10−15 январда республика бўйича аномал совуқ об-ҳаво кузатилди. Ушбу давр аввалида «Ўзбекнефтгаз» сиқув компрессор станцияларидаги газ ҳайдаш агрегатларида аварияли ҳолатда тўхташлар кузатилганини маълум қилди. 12 январ куни Энергетика вазирлиги газ босимининг кескин пасайиши кузатилаётганини маълум қилиб, метан «заправка»лар фаолияти вақтинча тўхтатилган. Уларнинг фаолияти 30 январга келибгина қайта тикланди.

Республика бўйлаб, ҳусусан, Тошкент шаҳрининг айрим туманларида газ босимининг пасайиши сабабли иситишда муаммолар кузатилди. Шунингдек, газ қувурларининг шикастланиши кузатилган.

Қишда электр энергиясида ҳам узоқ муддатли узулишлар кузатилган. Тошкентнинг Юнусобод туманида 2−3 кунлаб умуман электр энергияси бўлмаган. «Свет» ҳам газ ҳам йўқ шароитда баъзи одамлар кўчада олов ёқиб исинишди. Ушбу воқеалардан сўнг «Базальт» операцияси бошланди ва Тошкентдаги «дом»ларни совуқ ўтмайдиган уйларга айлантиришга киришилди.

16 январь куни Шавкат Мирзиёев аномал совуқ фонида электр энергияси, газ ва иссиқлик таъминотида кузатилаётган муаммоларга тизимсиз ишлаш, энергоресурсларни талон-торож қилиш ҳолатлари ҳам сабаб бўлаётганини айтди. Ўшанда ДХХ ва Бош прокуратурага тизимдаги коррупцияни йўқ қилиш бўйича алоҳида чоралар кўриш топширилганди.