Энергетика вазирлиги республика бўйича аномал совуқ ҳарорат давом этаётгани сабабли қувурларда газ босимининг кескин пасайиши кузатилаётганини маълум қилди.

Шу муносабат билан табиий газни биринчи навбатда аҳоли хонадонлари, электр энергияси ишлаб чиқарувчи корхоналар ҳамда ижтимоий соҳа объектларига етказиб бериш чоралари кўрилмоқда.

Шу мақсадда айрим йирик ишлаб чиқарувчи саноат корхоналарига табиий газ етказиб бериш ҳажми кескин камайтирилди ҳамда автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари фаолияти қисқа муддатга вақтинча тўхтатилди.

Шунингдек, ортадиган талабни тўлиқ қондириш мақсадида автобензин ва дизель ёнилғиси маҳсулотлари қўшимча миқдорларда сотувга чиқарилади, шу жумладан, захиралар ҳисобидан.

Ҳурматли ватандошлар, ҳаво ҳарорати кескин совиган шу кунларда имкон қадар жамоат транспортларидан фойдаланишингизни, зарурат бўлмаганда, уйда қолишингизни ҳамда хонадонингизда электр энергияси ва табиий газдан тежамкорлик билан фойдаланишингизни илтимос қиламиз, — дейилади хабарда.

Аввалроқ ҳаво ҳароратининг кескин тушиб кетгани сабабли аҳоли истеъмолчиларига табиий газни бир маромда етказиб бериш мақсадида Бухоро вилоятида 12 январь кунидан бошлаб АГҚКШ (автомобилларга газ қуйиш компрессор шохобча)лари ўз иш фаолиятини соат 7:00 дан то 10:00 га қадар олиб бориши маълум қилинганди.