Айни вақтда республикада кузатилаётган аномал совуқ технологик объектлардаги қурилмаларга ўз таъсирини кўрсатмоқда, дея хабар қилди «Ўзбекнефтгаз» матбуот хизмати.

Натижада шарли кранлар ва қувурларни музлаб қолиш ҳамда электр тизимидаги узилишлар сабабли завод ва бошқармаларнинг сиқув компрессор станцияларидаги газ ҳайдаш агрегатларида аварияли ҳолатда тўхташлар кузатилмоқда.

Хусусан, Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасининг «Шимолий Нишон» сиқув копрессор станциясидаги 3 та газ ҳайдаш агрегатлари, Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасининг «Зеварда» ва «Денгизкўл» конларидаги 2-сиқув копрессор станцияларида агрегатлар аварияли ҳолатда тўхтади.

Тезкорлик билан кўрилган чоралар натижасида «Шимолий Нишон» сиқув компрессор станциясига узатилаётган конлардан газ қазиб чиқаришнинг камайишини олдини олиш мақсадида, газ «Шўртан» 2-станциясига йўналтирилди ва ушбу станциядаги газ ҳайдаш агрегатларининг қувватлари оширилди, дейилади хабарда.

Ушбу ҳолат бошқармалар томонидан табиий газ қазиб чиқариш кўрсаткичларига таъсир кўрсатиб, максимал даражада кўрилган чоралар натижасида товар газ катта қисқаришларининг олди олинмоқда.

Қайд этилишича, ҳозирда «Зеварда» 2-сиқув компрессор станциянинг 200-сонли ва «Шимолий Нишон» станциясининг 300 ва 400- сонли агрегати ишга туширилди. «Денгизкўл» сиқув компрессор станциясидаги 200-сонли газ ҳайдаш агрегатини ишга тушириш ишлари амалга оширилмоқда. Газ қазиб олиш барқарорлиги таъминланмоқда.

9−14 январь кунлари республика бўйлаб кузатиладиган аномал совуқда сиқув компрессор станциялари ва технологик қурилмаларнинг узлуксиз ва барқарор ишлашини таъминлаш мақсадида конларда, технологик объектларда тезкор штаблар ташкил этилган.