28 июль куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида Туркий давлатлар жўғрофия кенгаши бош котиби Ойбек Норинбоев Туркий давлатлар ташкилоти бош котиби Кубаничбек Омуралиев билан учрашди, дея хабар қилди Туркий давлатлар жўғрофия кенгаши ахборот хизмати «Газета.uz»га.

Учрашувда туркия давлатлар аъзо бўлган ҳар икки тузилма ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди. Томонлар илм-фан ва маданий-гуманитар соҳаларда Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар ўртасидаги муносабатлар ижобий суръатларда ривожланаётганини мамнуният билан қайд этдилар.

Суҳбат давомида инсоният иқлим ўзгариши, экологик муаммолар, турли пандемиялар, энергия ресурслари тақчиллиги каби глобал муамммолар билан боғлиқ мураккаб синовларни бошидан кечираётгани, Туркий давлатлар жўғрофия кенгаши туркий тилли илмий-тадқиқот институтлари ва жамоат бирлашмалари ўртасида ҳар томонлама ҳамкорликни янада такомиллаштириш, география, ўлкашунослик ва бошқа турдош фанлардаги ютуқларни ўртоқлашиш орқали келажакда кутилаётган ана шу муаммоларга биргаликда ечим топиш зарурлиги таъкидланди.

«Туркий давлатлар умумий тараққиётга интилар экан, бунинг учун энг аввало ўз билим ва тажрибаларимиз билан бўлишиш, тажрибалар алмашинувини йўлга қўйишга эҳтиёж бор. Бунинг учун эса бошқа соҳалар каби мамлакатларимизнинг энг муҳим илмий йўналиши география соҳасида ўзаро бирдамлик барчамиз учун буюк заруратга айланмоқда. Кенгаш ўз олдига ана шу бўшлиқни тўлдиришни мақсад қилиб қўйган», — деди Ойбек Норинбоев.

Туркий давлатлар жўғрофия ташкилоти бош котиби ушбу мақсадларга эришишга қаратилган стратегия ва чора-тадбирлар режаси билан Кубаничбек Омуралиевни таништирар экан, бу мақсадларнинг амалга ошишида Туркий давлатлар ташкилотининг қўллови ҳар қачонгидан муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этиб ўтди.

Шунингдек, томонлар мамлакатимизда ўтказилган қатор муҳим тадбирлар, масалан, Ахборот-коммуникация технологиялари соҳасига масъул вазирларнинг 4-йиғилиши (2022 йил 25−26 октябрь, Самарқанд) ва Ташкилот транспорт вазирларининг йиғилиши (2022 йил 27−28 октябрь, Тошкент), Туркий давлатлар ташкилоти давлат раҳбарларининг «Туркий цивилизациянинг янги даври: умумий тараққиёт ва фаровонлик сари» мавзусидаги йиғилиши (2022 йил 11 ноябрь) якунлари, йиғилишлар доирасида имзоланган ҳужжатлар ва тарафлар зиммасига олган вазифаларнинг ижроси ҳамда Туркий давлатлар жўғрофия кенгашининг ташкил этилиши, кенгаш олдидаги мақсад ҳамда вазифалар юзасидан фикр алмашилди.

Учрашув давомида икки ташкилот ҳамкорлиги доирасидаги бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.

Маълумот учун, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, Ўзбекистон ва Венгрия географик жамиятларидан иборат Туркий давлатлар жўғрофия кенгаши 2023 йил 8 май куни Тошкентда ташкил этилган.

Кенгаш туркий географиянинг бой табиий ва маданий меросини тарғиб қилиш орқали халқлар ўртасидаги алоқаларни чуқурлаштириш, илм-фан, таълим ва инновациялар соҳаларида билим ва тажриба алмашиш, туризм соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш учун муҳим платформа бўлиб хизмат қилишни мақсад қилган.