Муаллифнинг эслатмаси: Олдинги «Бошқаларнинг қарзлари юки» рукнида кўтарилган ҚҚСни қайтариш бўйича баҳсларни давом эттириш учун яна бир нечта саволлар. Шунга қарамай, кичик корхонамизнинг алоҳида мисолидан фойдаланиб, бу жараёнда умумий муаммоларни кўрсатишга ҳаракат қиламан. Эҳтимол, бошқа корхоналар ҳам буни бошдан кечираётгандир.

Аввалги колонкада ўтган йил давомида 2021 йил учун қўшилган қиймат солиғи бўйича ортиқча тўловларни қайтариш учун бир неча бор мурожаат қилганимиз ва барча аризалар рад этилганини айтиб ўтгандим.

Шаҳар солиқ бошқармаси (ШСБ)нинг барча «рад этиш» хатларида «ҚҚС узилиши коэффициенти» га мувофиқ қайтариб бериш миқдорини тўғрилаш талаби (тўғридан-тўғри ёки билвосита) мавжуд эди.

Лекин нафақат бу, балки бошқа нуанслар ҳам бор эди. Ҳар сафар янги.

Биринчи мурожаатимизга жавобан ШСБ бизга (16.07.2022 йилдаги 19/9−138140-сон хат) талаб қилинган ҚҚСни қайтаришни Контрагентлар реестрининг «Тузатиш киритиш лозим бўлган ҳисобга (зачёт) олинган ҚҚС миқдори» бандида кўрсатилган миқдорга камайтиришни таклиф қилди. Бу ҳар бир контрагентнинг «ҚҚС узилиши коэффициенти»га тўлиқ пропорционал миқдор. Сўралган чегирма 2021 йилги ҳисоботимиздаги умумий салбий ҚҚСнинг тахминан 15 фоизини ташкил этди.

Ва биз буни амалга оширдик — кейинги аризада биз ушбу сўралган чегирма билан ҚҚСни қайтариш миқдорини камайтирдик.

Ва навбатдаги рад этиш хатини (19.08.2022 йилдаги 19/9−167248-сонли хат) олдик, лекин бошқача таҳрирда — бу сафар гўёки бизнинг контрагентларимиздан корхона томонидан ҳисобланган ҚҚСнинг деярли 100 фоизи бюджетга келиб тушмаган.

Худди шу давр учун! Ваҳоланки олдинги хатда бизга контрагентлардан тасдиқланмаган ҚҚС тўловлари 15 фоиз экани кўрсатилган эди.

Учинчи рад этиш хатида (09.06.2022 йилдаги 19/9−185335-сон) эса бизга шунчаки рад этиш сабаби биринчи ариза берилган санадаги коэффициентнинг юқори қиймати бўлгани айтилди (ҳақиқатан ҳам ўша даврда «коэффициент» қиймати 0,4 га тенг эди).

2021 йилда контрагентларимиздан бюджетга ҚҚСнинг қанча улуши тушмагани тушунарсиз — 15 фоизими, 40 фоизими (0,4 қийматли «коэффициент»га мувофиқ бўлиши керак) ёки қарийб 100 фоизи (№ 19/9−167248 сонли хатда кўрсатилганидек).

2023 йилда эса корхонамизнинг коэффициент қиймати 0,1, аммо натижа ўша-ўша — рад, рад…

Энди эса келгусида рад этиш учун сабаб топилгандек, гўё бизга сўралган ҳужжатларни тақдим этмаслик тўғрисидаги «янгилик» пайдо бўлди, ваҳоланки барча ҳужжатлар ўз вақтида топширилган ва буни шахсий кабинетда ҳам кўриш мумкин.

Норматив ҳужжатларда нима дейилган?

ҚҚСни қайтаришни рад этиш сабаблари ҳукуматнинг 2020 йил 14 августдаги 489-сонли қарорига 1-илованинг 25-бандида келтирилган.

Унда рад этиш учун 12 та асос келтирилган. Ва бу 12 та асосда қанчадир миқдордаги «коэффициент» кўрсаткичининг ўзи ҚҚСни қайтаришни тўлиқ рад этиш учун асос эканлиги ҳақида ҳеч нарса айтилмаган.

Бироқ, ШСБнинг 19/9−185335-сонли хатида айнан шундай ёзилган. Буни қандай тушуниш мумкин?

Шу билан бирга, худди шу норматив ҳужжатлар қисман рад этишга имкон беради. ҚҚСни қайтаришнинг сўралган суммасини қисман рад этиш имконияти тўғридан-тўғри 489-сонли ВМҚ 1-иловасининг 22, 23, 25, 27 ва 29-бандларида кўрсатилган.

Солиқ кодексининг 138-моддаси 23-қисмида том маънода қуйидагилар белгиланган: «Қўшилган қиймат солиғи суммасини қоплашга нисбатан камерал солиқ текшируви натижаларига кўра солиқ органлари ушбу суммани қоплаш тўғрисидаги қарор ёхуд уларни қоплашни рад этиш (тўлиқ ёки қисман) тўғрисидаги асослантирилган қарор қабул қилади».

Қисман рад қилиш бир вақтнинг ўзида сўралган миқдорни қисман қайтариш имкониятини англатади!

Айнан шунинг учун ҚҚС бўйича ортиқча тўловларни қоплаш тўғрисидаги аризаларни кўриб чиқишда — ҚҚС ҳисоботларининг асослилиги ва тўғрилигини текшириш учун камерал текшируви тайинланади.

Бирор нарсани тасдиқлаш ва, эҳтимол, бирор нарсани рад этиш (бундай текшириш мажбурияти Солиқ кодексининг 138-моддаси 22-қисмида белгиланган) учун.

Шундай қилиб, ҚҚСни қайтариш тартиби жуда содда, аниқ ва тўлиқ ёзилган:

1. Ҳисобот даври охирида ҚҚС суммаси манфий бўлса, солиқ тўловчи ортиқча тўловни қоплаш учун ариза беришга ҳақли (Солиқ кодексининг 272-моддаси 3-қисми).

2. Солиқ тўловчи пул маблағларини қайтариш тўғрисида ариза билан мурожаат қилганда солиқ органлари солиқ тўловчининг ҳисоботини камерал текширишдан ўтказади (Солиқ кодексининг 138-моддаси 22-қисми).

3. Бундай текшириш натижасида зарарни қоплаш ёки қоплашни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинади. Бундай ҳолда, рад этиш тўлиқ ёки қисман бўлиши мумкин (Солиқ кодексининг 138-моддаси 23-қисми). Компенсация ҳам тўлиқ, ҳам қисман бўлиши мумкин (Солиқ кодексининг 274-моддаси 3-қисми).

4. Рад этишнинг эҳтимолий сабаблари 489-сонли ВМҚ 1-иловасининг 25-бандида кўрсатилган.

5. «Қисман рад этиш» нимани англатади? Қолган қисмида (рад этилмаган) ҚҚС миқдорини ҳисоблаш тўғри деб тан олинган ва бу сумма қайтарилиши керак!

Ёки «қисман рад этиш» сўзлари маъносининг бошқа талқини ҳам борми? Бунинг устига Солиқ кодексининг 274-моддаси 3-қисми ҳеч қандай семантик изоҳларсиз тўғридан-тўғри аниқ қилиб қисман қоплаб бериш қилиш имкониятини белгилайди.

Лекин баъзи сабабларга кўра амалда солиқ органлари Солиқ кодексида белгиланган қисман қоплаб бериш имкониятини ўжарлик билан қўлламайди ва ҳар қандай сабабга кўра пулни қайтариш учун аризаларни тўлиқ рад этадилар. Нега бундай?

Дарвоқе, 138-модданинг юқорида қайд этилган 22-қисмида «Қўшилган қиймат солиғи суммаси ўрнини қоплашга нисбатан камерал солиқ текшируви натижаларига кўра солиқ ҳисоботига ўзгартишлар киритиш ҳақидаги талабнома ёзиб берилмайди», деб ёзиб қўйилган.

Вазиятни тушуняпсизми? Солиқ кодексида (!) ҚҚСни ҳисоблашни тузатиш талаби берилмагани кўрсатилган. Аммо ҚҚСни қайтариш бўйича сўровларимизга ШСБнинг қарийб ҳар бир жавобида тузатиш киритиш талаби берилади (бу фақат менга ғалати туюладими?).

Нима қилиш керак?

ҚҚС миқдорини ҳисоблашга тузатиш киритиш тўғрисидаги топшириқдан сўнг, тўловни қайтариш учун (белгиланган тузатишни ҳисобга олган ҳолда) яна ариза бериш талаб қилинади ва мос равишда яна камерал текширув тайинланади ҳамда бундай аризаларни кўриб чиқиш муддати (60 кунгача) яна ҳисоблаб чиқилади.

Аммо шу билан бирга, кейинги рад этиш учун далиллар аллақачон бошқача бўлиши мумкин (бизнинг корхонамизда рад этиш учун далиллар ҳар доим ўзгарган).

Шундай қилиб, бир йил ўтди.

Аммо бу қоидалар билан белгиланадими? Йўқ. Мана нималар ёзилган: агар солиқ органи қайтариш сўралган миқдорнинг бир қисмини асоссиз деб ҳисобласа, ўша қисм рад этилади. Бироқ қолган қисми бўйича (асосланган) қисман товон тўлаш тўғрисида қарор албатта қабул қилиниши керак.

Солиқ кодексида (274-модданинг 3-қисмида) шундай ёзилган. 489-сонли ВМҚ 1-иловаси 28-бандининг охирги хатбошида эса сўзма-сўз шундай ёзилган: «Аризани қайта кўриб чиқишда солиқ суммасини қайтаришни аввалги рад этиш тўғрисидаги қарорда кўрсатилмаган янги асослар билан рад этишга йўл қўйилмайди».

Бизнинг ҳолатларимизда, ҳар бир кейинги ШСБ жавобида айнан шундай бўлади.

Оддий савол туғилади: норматив ҳужжатлар нима учун мавжуд? Агар улар бажарилмаса. Бунинг устига солиқ маъмуриятчилигига оид ҳар қандай норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш жараёнида Давлат солиқ қўмитасининг ўзи ташаббус ва бевосита иштирокида амалга оширилса. Ўзимизни тайёрлаймизу ўзимиз ижро этмаймизми?

Хулоса қилиб айтганда, яна бир бор юқорида айтиб ўтилган меъёрий ҳужжатларнинг мазмунини тўғри тушунмаганимни тахмин қиламан.

Тан оламан, у ерда ёзилганлар мен ҳарфлар ва сўзлардан кўра бошқача маънога эга.

Тан оламан, у ерда нима ёзилганини нотўғри тушунаман ва солиқ органлари тўғри тушунишади (бу ШСБнинг корхонамизга юборилган жавоб хатлари матнларида акс эттирилган)

Шунда мен бу ерда айтган ҳайратим аҳмоқлик ва хатоми?

P. S. 2020 йил 14 августдаги 489-сонли ВМҚ 1-иловаси 25-банди ҳақида алоҳида. Унда ҚҚСни қайтаришни рад этишнинг 12 сабаби келтирилган. Ушбу ҳужжатнинг асл нусхасида рад этиш учун атиги 6 та сабаб бор, қолганлари эса 2021 йилда қўшилган.

Владимир Срапионов — Тошкентдаги корхоналардан бирининг директори.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.