Муаллифдан: Балки бу мақола «Газета.uz» ўқувчиларининг кўпчилиги учун қизиқ бўлмас. Бироқ, бухгалтерлар, молиявий менежерлар ва солиқ органлари ходимларига фикр юритиш ва танқидий баҳо бериш учун асос бўлиши мумкин.

Солиқ маъмурчилиги тартиб-таомилларида, менинг назаримда, айрим муаммолар, хусусан, ҚҚС бўйича ортиқча тўловларни қоплаш билан боғлиқ муаммо ҳанузгача сақланиб қолмоқда.

Мен кичик корхонамизнинг алоҳида мисолидан фойдаланган ҳолда, ҚҚСни қоплаш бўйича амалдаги вазиятни тўлалигича умумий муаммо сифатида кўриб чиқишга ҳаракат қиламан. Эҳтимол, бундай муаммо бошқа корхоналарда ҳам мавжуддир.

Компаниямиз 2021 (!) йилги ҳисоботидан келиб чиқадиган манфий ҚҚС суммасини қайтариш талаби билан солиқ органларига мурожаат қилганига қарийб бир йил бўлди. ҚҚСнинг ортиқча тўланган суммасини қайтариш Ўзбекистон Солиқ кодексининг 272-моддаси (3-қисм) ва 274-моддаси (2- ва 3-қисмлари)да назарда тутилган.

2022 йил июнь ойидан бери шахсий кабинет орқали шаҳар солиқ бошқармасига (ШСБ) манфий ҚҚС суммасини қайтариш масаласида ариза топширамиз.

Ва мана, бир йил вақт ўтди. Ёзишмалар суст, бир йил ичида олтита сўров ва олтита жавоб. Барча жавоблар манфий ҚҚС суммасини қайтаришни рад этиш мазмунида (нимагадир асослар ҳар сафар янгиланади). Нима ҳам дердик, рад жавоблари ҳам бўлиб туради.

ҚҚСни қайтаришни рад этиш бевосита Солиқ кодексида ва 2020 йил 14 августдаги 489-сонли Вазирлар Маҳкамаси қарорининг (ВМҚ) ҚҚСни қайтаришнинг барча шартлари ва тартибини белгилаб берувчи 1-иловасида назарда тутилган, ушбу илованинг 25-бандида эса қайтаришни рад этиш учун 12 та сабаб батафсил ва аниқ-равшан кўрсатиб ўтилган.

Рад этишнинг сабабларидан бири (тартиби бўйича 10-сабаб) — бевосита контрагент ёки муайян маҳсулот / хизматлар етказиб бериш занжирида иштирок этувчи бизга номаълум бошқа шахслар тегишли ҚҚСни бюджетга тўламаганликлари.

ШСБнинг «рад этиш» бўйича деярли барча хатларида айнан шу сабаб кўрсатилган. Бундай ҳолда, солиқ органлари «ҚҚС узилиши коэффициенти» параметри билан ишлайди.

Айнан шу параметр бўйича Солиқ қўмитасининг рискларни таҳлил қилиш дастури ҳар бир корхонанинг солиқ «ҳалоллиги»ни баҳолайди.

Ҳақиқатда, рискларни таҳлил қилиш ва «ҚҚС узилишини» излашнинг автоматлаштирилган дастури — бу эҳтимолий солиқ ҳуқуқбузарликларини мониторинг қилишнинг энг яхши воситаси.

Солиқ органларига эҳтимолий солиқдан «бўйин товловчилар»ни топишни осонлаштириш воситаси. Солиқ органлари ҳамма солиқ тўловчилар устидан умумий, чексиз кўламдаги, бошидан охиригача мониторинг ўтказиш учун беҳуда вақт сарфламаган ҳолда, солиқ ҳуқуқбузарликларининг энг эҳтимолий нуқталари бўйича тўғридан-тўғри маълумот олишлари мумкин.

Бироқ, бу воситадан амалда қандай фойдаланилади? «ҚҚС узилиши коэффициенти» аслида қандай ва нима мақсадда қўлланилади?

Ушбу параметр ҳар бир корхонанинг контрагентлар реестрида акс эттирилган бўлиб, гўёки бизни, солиқ тўловчиларни, эҳтимолий «виждонсиз» етказиб берувчилардан (менинг назаримда, мунозарали асос) хабардор қилиш учун.

Ва айнан шу параметрга мувофиқ солиқ органлари ҚҚС бўйича ортиқча тўловларни қайтариш тўғрисидаги аризаларни кўриб чиқишда «ҚҚСни ҳисоб-китоби» ҳисоботини тузатишни буюрадилар.

Хўш, бу рақамлар қай даражада аниқ ва қонуний асосга эга? Келинг, бу борада ўз фикримни баён қиламан. Бундан ташқари, қуйида:

  • «ҚҚС узилиши коэффициенти»нинг ўзи қатъий ва холисона параметр эмаслиги;
  • «коэффициент»ни асос қилган ҳолда, қайтариш тавсия этилмаган ҚҚС суммалари тўғри эмаслиги ва контрагент корхоналарнинг ҳақиқий солиқ қарзига мос келмаслиги;
  • солиқ органлари ё солиқларни тўлиқ ундириш бўйича ўзларига юклатилган мажбуриятларни бажармасликлари ёки рискларни таҳлил қилиш ва солиққа оид ҳуқуқбузарликларни мониторинг қилишнинг алгоритмларидан атайин нотўғри ва хатоликлар билан фойдаланишларини тасдиқлаб, кўрсатиб бермоқчиман.

Яна жумбоқли «ҚҚС узилиши коэффициенти» ҳақида

Ушбу параметр муомалага киритилганидан (2021 йил 22 декабрдан) бир ярим йил вақт ўтдию, унинг моҳиятига оид саволлар нафақат барҳам топмади, балки янада кўпайди (энг камида, мен учун). Бундан кейин матнда соддалаштириш учун қисқа «коэффициент» атамасидан фойдаланаман.

Нимани кўриб турибмиз?

Биринчидан, унинг мақоми тўғрисида ҳали ҳам бирор меъёрий ҳужжат мавжуд эмас. Тўғри, «коэффициент» аллақачон бир нечта меъёрий ҳужжатларда тилга олинган, бироқ унинг қонуний аҳамиятга эга бўлган мақоми ҳали белгиланмаган. Ва бу «коэффициент» истисно тариқасида фақат ҚҚСга нисбатан қўлланилаётгани сабабли, унинг таърифи Солиқ кодексининг 4-бобида (Асосий тушунчалар) мустаҳкамланган бўлиши лозим эди. Бироқ, ундай эмас. Солиқ қўмитасининг веб-сайтида 2021 йил 23 декабридан бери мавжуд тушунтириш эса меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланмайди.

Иккинчидан, 2020 йил 14 декабрдаги 489-сонли ВМҚнинг ҳисоб-фактура шакли белгиланган 2-иловасига ҳалигача қўшимча киритилмаган.

Ҳисоб-фактура молиявий ва солиқ ҳисоботининг асосий ҳужжатларидан бири ҳисобланади. Унинг шакли юқорида кўрсатилган 489-сонли ВМҚ 2-иловасида белгиланган, бу эса умуммажбурий меъёрий акт! Ушбу қарорнинг сўнгги таҳририга мувофиқ, ҳисоб-фактурада «коэффициент» устуни мавжуд эмас. Бироқ, бир ярим йил давомида ушбу устун, мазкур ҳужжатнинг белгиланган шаклига зид равишда, электрон ҳисоб-фактураларда (ЭҲФ) мавжуд. Бу фақат менга ғалати туюляптими? Адлия вазирлиги ва Солиқ қўмитасига-чи?

Бироқ, бу эътирозлар — ҳуқуқий расмиятчиликлар юзасидан холос, уларни бартараф этиш қийин эмас.

«Коэффициент»нинг амалиётда қўлланилиши ва уни қўллаш билан боғлиқ масалалар бундан ҳам муҳимроқ.

2021 йил 22 декабрдан бошлаб ҳар бир солиқ тўловчининг шахсий кабинетида барча тўғридан-тўғри контрагентларнинг «ҚҚС узилиши коэффициенти» тўғрисидаги маълумотларни акс эттирувчи реестр пайдо бўлди.

Солиқ қўмитасининг юқорида айтиб ўтилган 2021 йил 23 декабрдан амал қилаётган тушунтиришида (шунингдек, ШСБнинг ҚҚСни қайтариш тўғрисидаги аризаларимизга йўллаган барча ёзма жавоб хатларида) солиқ узилиши (TaxGap) — бу солиқ тўловчи-харидор томонидан ҳисобга олинган, бироқ гўёки етказиб берувчи контрагентлар, шу жумладан, товарларни (хизматларни) етказиб беришнинг бутун занжири бўйлаб уларнинг олдинги контрагентлари томонидан бюджетга тўланмаган ҚҚС суммаси эканлиги кўрсатилган. Гўёки кимдир томонидан тўланмаган мазкур ҚҚС суммасининг нисбий улуши «коэффициент» орқали акс эттирилади.

Солиқ қўмитаси «коэффициент»ни белгилаш Солиқ кодексининг 15-моддасида назарда тутилган «лозим даражада эҳтиёткорлик» тартибида контрагентларни баҳолаш учун фақат ахборот эканлигини бир неча бор маълум қилди. Эҳтимол шундайдир (гарчи 15-модда матни мантиқан бутунлай бошқа нарсани — контрагентнинг битим бўйича мажбуриятларни бажариш қобилиятини баҳолашни назарда тутади).

Шу билан бирга, шахсан мен бизга товарлар / хизматлар етказиб берадиган ташқи бир корхона қай даражада интизомли солиқ тўловчи эканлигини билиш менга нима учун кераклигини сира тушунолмайман.

Балки, бу Солиқ кодекси солиқларни тўлиқ ва ўз вақтида ундириш мажбуриятини юклаган (Солиқ кодексининг 27-моддаси) солиқ органларининг ўзларини қизиқтириши керакдир. Солиқ қўмитаси ҳам ҳақиқий қарздорлардан солиқ қарзларини мажбурий ундиришни таъминлаш учун етарли ваколат ва воситаларга эга. Бундан келиб чиқадики, амалда солиқ тўлашдан бўйин товловчилар мавжуд бўлмаслиги керак! Бироқ, «ҚҚС узилиши коэффициенти» солиқ тўламайдиганлар борлигидан далолат бермоқда. Ғалати…

Келинг, контрагентлар реестрини диққат билан кўриб чиқамиз. 2023 йил май ойининг ўрталарига қадар солиқ тўловчининг шахсий кабинетида ушбу реестр мана шу кўринишда эди (1-жадвал). Жадвал бизнинг корхонамиз мисолида кўрсатилган (СТИР ва контрагент корхоналарнинг номлари, албатта, яширилган, охиргисидан ташқари — бироқ барча рақамлар ҳақиқий).

Реестр аслида анча катта, бу ерда эса намуна учун унинг фақатгина кичик бир қисми кўрсатилган:

колонка, солиқ қўмитаси, солиқлар, ққс

Ўнг тарафда охиргидан битта олдинги «Тузатиш киритиш лозим булган ҳисобга (зачёт) олинган ҚҚС миқдори» устуни кишида қизиқиш уйғотади. Ушбу устунда ҚҚС таркибига кирувчи жами сумманинг «узилиш коэффициенти»га мутаносиб бўлган қисми кўрсатилган. Корхона ортиқча тўланган ҚҚС суммасини қайтариш учун ариза берганида, солиқ органлари айнан шу қисмни ҚҚСни ҳисоблашдан чиқариб ташлашни буюради.

Айни пайтда, «коэффициент»ни қўллашда ғайриоддий ва мантиқсиз услубий қарама-қаршилик кўзга ташланади. Айнан:

— «ҚҚС ҳисоб-китоби» ойлик ҳисоботи кирувчи ва чиқувчи ЭҲФ реестрларида кўрсатилган ҚҚС суммалари бўйича шакллантирилади. Бундай ҳолда, киритилган ҚҚС суммаларига ҳеч қандай тузатиш киритилмайди. Ва бу тўғри! Солиқ қўмитаси «коэффициент» фақат ахборот параметри эканлигини бир неча бор таъкидлади.

— бироқ, агар ҳисоботда ҚҚС суммаси манфий бўлса, бу сумма қоплаб берилиши кераклигини англатади (Солиқ кодексининг 272-моддаси 3-қисми ва 274-моддаси 2-қисмига мувофиқ), бу ҳолда Солиқ қўмитаси нимагадир «қоплаш учун» ҳисобланган суммани «коэффициент»дан фойдаланган ҳолда тузатиш керак, деб ҳисобламоқда.

Бу икки ҳолат ўртасидаги қандай фарқ бор? Ҳеч қандай фарқ йўқ. ҚҚСни ҳисоблаш методологияси ягона ва деярли автоматик тарзда амалга оширилади.

Бироқ, агар иккинчи ҳолатда Солиқ қўмитаси «коэффициент»дан фойдаланишни асосли деб ҳисобласа, келинг, ушбу методологияни умумий ҳолатда ҳам қўллайлик. Нимага йўқ? Бу деярли барча солиқ тўловчилар учун ҚҚС «зачёт» суммасининг пасайишига ва шунга мос равишда бюджетга ҚҚС тўловларининг ошишига олиб келади. Тўғри, айни пайтда бунинг бошқа бир оқибати ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас — аксарият солиқ тўловчиларнинг оммавий можарога айланиб кетиши мумкин бўлган норозилиги.

Ҳозирча эса бор-йўғи солиқлар орасида энг муҳими — ҚҚСни ҳисоблашда яққол услубий «икки ёқлама мулоҳаза»га эгамиз. Бу «икки ёқлама стандартлар» деб аталади. ҚҚС суммасини ҳисоблашнинг якуний натижасига қараб (салбий ёки ижобий), турли хил ҳисоблаш усули қўлланилмоқда («коэффициент» учун тузатилган ёки тузатишсиз). Айтишга журъат этаманки, бу жуда «оригинал» ва, шубҳасиз, мунозарали ёндашув.

Лекин бу ҳали ҳаммаси эмас!

Ҳар ойда ҳар бир корхонанинг «коэффициенти» янги контрагентлар пайдо бўлиши, шунингдек, эски контрагентларнинг «коэффициентлари» ўзгаришига қараб ўзгариб туради, ҳатто улар билан узоқ вақт давомида янги тижорий алоқалар амалга оширилмаган тақдирда ҳам.

Шунга кўра, контрагентларнинг «коэффициентлари» ўзгаргандан сўнг, қоплаш учун ҳисобга олинмаган (ҚҚСни қайтариш учун ариза беришда) ҚҚС суммаси ҳам ҳар ой ўзгаради. Такрор айтаман, ҳатто айрим контрагентлар билан узоқ вақт давомида янги тижорий алоқалар мавжуд бўлмаган тақдирда ҳам, улар билан операциялар ва тўловлар олдинги даврларда амалга оширилган бўлса ҳам.

Тасаввур ҳосил қилиш мақсадида қуйида сўнгги уч ой учун айрим контрагентларимизнинг «коэффициентлари» акс эттирилган таққослама 2-жадвал келтирилган. Мен атайин фақат узоқ вақт давомида тижорий алоқаларга эга бўлмаган ва олдинги битимлар сони (ЭҲФ) минимал — биттадан тўрттагача бўлган контрагентларни танлаб олдим.

колонка, солиқ қўмитаси, солиқлар, ққс

2-жадвалдан кўриниб турибдики, ойдан ойга барча контрагентлар учун «коэффициент» камида кичик миқдорга бўлса-да ўзгаради. 8-қатордаги «коэффициент»лар ўзгариши эса, умуман олганда, нолдан биргача. Ва бу бор-йўғи уч ой ичида. «Коэффициент» билан биргаликда корхонамиз учун ҚҚС чегирмалари (манфий ҚҚС суммасининг қайтаришга тавсия этилмаган қисми) миқдори ҳам мос равишда ўзгаради, охирги битим узоқ вақт, бир неча ойлар олдин амалга оширилган контрагентлар бўйича ҚҚС чегирмалари миқдори ўзгаради.

Шундай қилиб, фаолиятнинг ўтган даври учун қайтарилиши лозим бўлган ҚҚС суммаси (матннинг бошида биз 2021 йил учун ортиқча тўланган ҚҚСни қайтаришга ҳаракат қилаётганимизни айтиб ўтган эдим) тушунарсиз тарзда қайтариш бўйича ариза топширилган ойга боғлиқ.

Бу бугун битта сумма, бир ойдан кейин эса бошқа сумма бўлади. Чунки белгиланган ҚҚС чегирмалари миқдори контрагентларнинг ўзгарувчан «коэффициенти»га мос равишда ҳар ой ўзгариб туради.

Гарчи улар билан тузилган битимлар бир йилдан кўпроқ вақт олдин якунланган ва биз томонимиздан (ҚҚС миқдорини ҳисобга олган ҳолда) тўланган бўлса ҳам. Ва ҚҚС чегирмаларининг тегишли суммалари сезиларсиз ўзгаргандек туюлиши ҳам аҳамиятга эга эмас.

Муаммо айнан ҳисоблаш тамойилида. Пул ва солиқлар ҳисоб-китобларда мутлақ аниқлик ва бир хилликни ҳамда мутлақо аниқ ҳуқуқий асослашни талаб қилади. Лекин ["коэффисиент" билан] ундай эмас! Бундай ноаниқ ва вақт ўтиши билан ўзгариб турувчи параметр — «коэффициент» — бир ярим йилдирки, «айбсиз» корхоналарнинг солиқ ҳисоботини сўзсиз қайта ҳисоблаш учун асос сифатида фаол фойдаланилмоқда.

Коэффициент ва солиқ қарзлари

Жорий йилнинг бошидан Контрагентлар реестрида яна бир устун пайдо бўлди — «Солиқ қарзи» (1-жадвалга қаранг — ўнгдан охирги устун). Ушбу устунда ҳар бир контрагент корхонанинг ҳақиқий солиқ қарзи миқдори кўрсатилган.

Ва кўриниб турибдики, контрагентларимизнинг аксариятида жорий солиқ қарзи мавжуд эмас. Яъни, солиқ қарзининг мавжудлигини назарда тутадиган «коэффициент» мавжуд (у нолга тенг эмас), қарзнинг ўзи эса йўқ. Ва бу маълумот Солиқ қўмитасининг ўзидан олинган бўлиб, контрагентлар реестрининг битта йиғма жадвалига жойлаштирилган.

«Коэффициент» ишончлилигининг мунозарали эканига ва Солиқ қўмитаси солиқ таҳлилининг умумий методологиясига якуний муносабат.

Мисол тасодифий, кутилмаган, шунга қарамай, жуда аниқ-равшан. Компаниямиз (шунингдек, бошқа кўплаб корхоналар)нинг контрагентлари орасида ҳурматли ва жуда керакли контрагент мавжуд — SOLIQ SERVIS ДУК (кўплаб корхоналар ушбу жуда қулай ЭҲФ операторидан фойдаланади).

Ва бизнинг контрагентларимиз реестридан олинган маълумотларга кўра, энг катта солиқ қарзи (барча контрагентларимиз бўйича қарз миқдорининг 94 фоизи)… фақатгина SOLIQ SERVIS ДУКга тегишли. Шу билан бирга, ушбу корхонанинг «узилиш коэффициенти» — нолга тенг! (1-жадвалнинг охирги қаторига қаранг).

Унинг 2023 йил июль ойидаги умумий солиқ қарзи қарийб ярим миллиард сўмни ташкил этганини Солиқ қўмитасининг ўз порталидаги очиқ маълумотлар ҳам тасдиқлайди. Мана нол коэффициент, мана унинг қай даражада ишончлилиги…

Шундай қилиб, юқорида нолга тенг бўлмаган коэффициентга эга бўлган кўпчилик контрагентларнинг солиқ қарзлари мавжуд эмаслиги кўрсатилган. Ва аксинча, нол коэффициентга эга бўлган айрим контрагентлар эса шундай кўринишдаги солиқ қарзига эга. Тушунтириб бўлмайдиган қарама-қаршилик. Мен бу вазиятда бирор бир тайинли мантиқ топа олмадим.

Бироқ, жуда аниқ ва бошқа далилларни талаб қилмайдиган бир нарса бор: Солиқ қўмитасининг солиқ таҳлили методологиясида ва унинг дастурий маҳсулотлар алгоритмида нимадир нотўғри.

Ва бунинг устига солиқ органлари томонидан корхоналарнинг стандарт солиқ ҳисоботларини яққол шубҳали «узилиш коэффициенти» асосида тузатиш тўғрисидаги қатъий талаби мутлақо асоссиз бўлиб чиқади.

Солиқ қарздорлиги бўлганлар-чи?

Солиқ қўмитасининг кўп сонли тушунтиришларига қараганда, «коэффициент»нинг нолга тенг бўлмаган кўрсаткичи ушбу корхоналарнинг ўзлари ёки уларнинг олдинги товарлар (хизматлар) етказиб берувчи контрагентлари томонидан бюджетга тўланмаган ҚҚС суммаси мавжудлигини билдиради. Биз бу тушунтиришни қабул қиламиз.

Ва «коэффициенти» нолга тенг бўлмаган контрагентларимизга солиқ қарздорлиги мавжуд контрагент сифатида қараймиз («коэффициент»нинг юқорида келтирилган таърифига кўра).

Бироқ, 2-қисмда гувоҳи бўлганингиздек, «коэффициенти» нолга тенг бўлмаган кўплаб корхоналарда солиқ қарздорлиги мавжуд эмас (энг камида, бизнинг корхонамизнинг контрагентлари орасида айнан шундай). Уларнинг ўзларининг солиқ қарзлари йўқ.

Тасаввур қилинг, солиқ қарздорлиги улардан олдинги етказиб берувчи контрагентларида мавжуд. Солиқ қўмитасининг тушунтиришларида мазкур нюанс ҳам назарда тутилган. Таъминот занжиридаги бу «узоқ» контрагентларнинг қарздорлиги мавжуд ёки йўқлигини эса мен текшира олмайман, мен уларни билмайман ва кўрмайман (ва менинг фаолиятимга мутлақо ташқаридаги корхоналарнинг қарзларини кўришни ҳам истамайман).

Ва юқорида — аввалги қисмда мен айтиб ўтган қарама-қаршилик шу билан барҳам топгандек.

Мана сизга изоҳ — қарзлар тўғридан-тўғри контрагентдан эмас, балки унинг бизга номаълум бўлган олдинги етказиб берувчиларидан. Шунинг учун «коэффициент» нолга тенг эмас. Бироқ, йўқ, қарама-қаршилик барҳам топмаган ва рад этилмаган кўринади.

Аксинча, янги саволлар туғилади. 2-жадвалга қайтсак, ундан яна бир муҳим факт келиб чиқади. Юқорида айтиб ўтилганидек, 2-жадвалда мен атайин кам сонли ЭҲФга эга бўлган контрагентларни йиғдим ва, энг асосийси, тижорий алоқалар узоқ вақт олдин тўхтатилган контрагентларни танлаб олдим. Ушбу жадвалга «охирги ЭҲФ санаси» устунини қўшдим (ўнг томондан охирида), бу ерда контрагентлар билан охирги битимлар қачон амалга оширилганлиги кўрсатилган — олти ойдан икки йилгача бўлган вақт олдин.

Ушбу контрагентлар билан узоқ вақт олдинги тижорий муносабатларимизга қарамай, мен уларнинг жорий ҳолатини атайин текшириб кўрдим — 2-жадвалда кўрсатилган, бугунги кунда — 2023 йил июнь ҳолатига кўра «коэффициент»нинг юқори кўрсаткичларига эга бўлган, барча «узоқ вақт олдинги» контрагентларимиз «фаол» мақомига эга (Солиқ қўмитаси веб-сайтидан олинган маълумот).

Яъни, бир-икки йил олдин, ушбу корхоналардан бирор нарса сотиб олган пайтимизда, эҳтимол, уларнинг солиқ қарзи ҳақиқатда бўлгандир (бу уларнинг ўша пайтдаги нолга тенг бўлмаган «коэффициенти»да акс этган). Ва шунинг учун биз томонимиздан тўланган ҚҚСнинг бир қисми ҳисобга олинмаган бўлиши мумкин. Майли, шундай ҳам дейлик (аслида бундай бўлмаса ҳам). Бироқ, жорий давр учун, олти ой ёки бир ёки икки йил ўтгач, ушбу контрагентлар бўйича ҚҚС чегирмаларининг суммалари ҳали ҳам реестрда қолмоқда.

Бундан кели чиқадики, ўтган бир-икки йил ичида ҳеч нарса ўзгармаган ва бу қарздорлик улардан ҳанузгача ундирилмаганми? Нега? Наҳотки корхона шу қадар узоқ даврдаги эскирган солиқ қарздорлиги билан ишлайвериши мумкин? Ёки бу корхоналар ҳали ҳам солиқ тўлашдан ашаддий бўйин товловчилар сафида эканлигича қолмоқда ва жорий даврда юзага келган «янги» солиқ қарзларига эгами? Эҳтимол шундайдир.

Бироқ, уларнинг жорий даврдаги солиқ қарзининг биз бир-икки йил аввал уларга қилган тўловимизга ҳеч қандай алоқаси йўқ.

Наҳотки шундай узоқ вақт ичида солиқ органлари солиқ қарзларини — агар улар мавжуд бўлган тақдирда, корхонамизнинг тўғридан-тўғри контрагентларидан ҳам, уларнинг товарлар ва хизматларнинг узун етказиб бериш занжиридаги бизга номаълум олдинги контрагентларидан ҳам — талаб қилмаган бўлса.

Бу вазиятда фақат иккита версиядаги изоҳ мавжуд:

  • Солиқ органлари Солиқ кодексининг 27-моддасида назарда тутилган мажбуриятларини бажармаяпти — мен бунга ишонмайман!
  • Мониторинг ва рискларни таҳлил қилиш дастури нотўғри алгоритм бўйича ишлайди ёки бу восита асл мақсади бўйича фойдаланилмаяпти — бошқа изоҳ кўрмаяпман.

Аллақачон (ойлар, бир йил ёки ундан кўпроқ вақт олдин) ёпилган ҳисобот даврларидаги битимлар бўйича контрагентлар томонидан тўланмаган ҚҚС миқдори мавжудлигини бошқа ҳеч нарса билан изоҳлаб бўлмайди, гарчи бу ўтган давр мобайнида контрагентлар ўзларининг тижорат фаолиятини давом эттираётган ва ҳар ойда жорий солиқ ҳисоботларини тақдим этиб келаётган бўлса ҳам.

Бу бизнинг кичик корхонамиз Контрагентларининг одатий реестрини кўриб чиқишдан келиб чиққан менинг хулосаларим ва тахминларим. Ўйлайманки, бу ерда келтирилган муаммолар ва шубҳалар фақатгина мени ташвишга солмайди.

Солиқ органларидан илтимос қилардим: «айбсиз» корхоналардан бошқаларнинг қарзини ушлаб қолишга тўғри келмаслиги учун, айрим сабабларга кўра тегишли солиқларни тўламаётганларга уларни тўлиқ тўлашларида «ёрдам беринг».

Бу ерда айтилганларнинг барчаси менда мавжуд бўлган очиқ маълумотларга асосланган. Тўлиқ тан оламанки, кичик корхона раҳбари лавозимидан ҳамма нарса бирдек кўринмайди. Шунинг учун бу ерда келтирилган айрим хулосалар ва баёнотларнинг ҳаммаси ҳам тўғри бўлмаслиги мумкин. Ва агар шундай бўлган тақдирда, бундан кўра ишончлироқ фикрни билишни ва тўлиқроқ маълумот олишни, агар мантиқий хулосаларимда хатолик бўлса, ўша хато нимада эканлигини билишни истардим. Назаримда, буни билиш шунга ўхшаш муаммога дуч келган ҳар бир киши учун қизиқ.

Владимир Срапионов — Тошкентдаги корхоналардан бирининг директори.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.