Ўзбекистонда камбағаллик даражаси энг юқори ҳудудлар Қорақалпоғистон Республикаси (19,7 фоиз), Сирдарё (19,5 фоиз) ва Хоразм (19,1 фоиз) вилоятлари бўлиб турибди. Мамлакатда 1 млн 307,8 минг камбағал оилалар мавжуд бўлиб, камбағаллик даражаси 14,1 фоизни ташкил этади, дея хабар бермоқда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги.

камбағаллик даражаси, камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги

Камбағаллик даражаси энг паст ҳудудлар эса Тошкент шаҳри (8,5 фоиз) ва Навоий вилояти (9,2 фоиз) бўлиб турибди. Камбағаллик даражаси 2022 йилда 17 фоизни ташкил этган ва 2023 йилга келиб деярли 3 фоиз бандга пасайган.

Вазирлик йил якунига қадар камбағаллик даражаси 14,1 фоиздан (1 млн 307 минг оила) 12 фоизга (1 млн 180 минг оила) туширилиб, 130 мингга яқин оила, яъни 1 млн аҳолини камбағалликдан чиқариш белгиланганини қайд этган.

Шунингдек, ихтисослашуви ҳамда кичик бизнес учун мавжуд шароитдан келиб чиқиб, республикадаги 208 та шаҳар ва туман 5 та тоифага ажратилган бўлиб, бунда 20 та туман (9,6 фоиз) 5-тоифага киритилган ва шароити оғир туман ҳисобланади. 5-тоифага Бўзатов, Кегейли, Қонликўл, Мўйноқ, Тахтакўпир, Шуманай, Бўстон, Улуғнор, Арнасой, Деҳқонобод, Томди, Мингбулоқ, Қўшработ, Сардоба, Бандихон, Қизириқ, Олтинсой, Сўх, Ёзёвон ва Янгиариқ туманлари киради.

камбағаллик даражаси, камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги