24 июль куни тошкентлик таниқли фотожурналист Юрий Корсунцев оғир хасталикдан сўнг 54 ёшида вафот этди.

Ўтган йиллар давомида у турли таҳририятлар, жумладан, бир неча йил «Газета.uz» ва Afisha.uz билан ҳамкорлик қилиб, ушбу нашрлар учун юзлаб фоторепортажлар тайёрлаган — ҚВЗ чиқишлари, концертлар, кўргазмалар ва спорт мусобақаларидан тортиб, ҳаётий ҳикоялар, интервьюлар, заводларнинг тантанали очилишлари ҳамда шаҳар ва қишлоқ манзараларигача.

Ҳар доим табассум қилиб турадиган, камтар, серқирра ижодкор исталган вақтда топшириқларни бажаришга тайёр эди, ёритиладиган мавзуларнинг кўпини ўзи мустақил равишда танларди.

Таҳририятимизни тарк этгандан кейин ҳам Юрий вақти-вақти билан турли тадбирлардан қизиқарли кадрларни юборишда давом этган.

«Газета.uz» Юрий Корсунцевнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради. Фотожурналистнинг вафотидан нафақат унинг ҳамкасблари, балки кўплаб ўқувчилар ҳам қайғуда.