Тошкентдаги Ботир Зокиров (Абай) ва Навоий кўчалари кесишмасида йўл ўтказгич қурилиши мумкин. Уни қуриш «зарурияти» ҳақида пайшанба куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев пойтахтни айлана туриб, «таъкидлади», дея хабар берди давлат раҳбарининг матбуот хизмати.

Хабардан тўғридан-тўғри иқтибос: «Давлатимиз раҳбари бу ерда бўлиб, пиёдалар ва автомобиллар учун шароитларни кўздан кечирди. Келгусида ҳаракат янада кўпайишини инобатга олиб, Ботир Зокиров ва Навоий кўчалари кесишмасида йўл ўтказгич қуриш, пиёдалар йўлакларини қулайлаштириш зарурлигини таъкидлади» (рус тилидаги хабарда фақат йўл ҳаракати қулайлигини ошириш ҳақида гап борган).

«Газета.uz» президент эътиборини жалб қилиш ва мазкур қарор баҳс-мунозарали экани ҳамда уни жамоатчилик ва мутахассислар, шу жумладан, архитекторлар, шаҳарсозлар, транспорт муҳандислари билан мажбурий муҳокама қилиш зарурлигини қайд этишни муҳим деб ҳисоблайди.

Нима учун бу баҳсли қарор?

1. Президент матбуот хизмати хабаридан олинган юқоридаги қисқа иқтибос қарама-қарши маъноларни ўзида жамлаган бўлиб, эскирган ёндашувлар ва стереотипларни акс эттиради. Аниқроқ айтсак, кўчаларда ошиб бораётган тирбандликни енгиш учун йўл ўтказгичлар зарурлигига бўлган ишончдир. Ҳам жаҳон, ҳам маҳаллий тажриба бундай фикрнинг нотўғри эканлигини исботлаб берган.

2. Йил бошида Тошкент ҳокимлиги шаҳар транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш ва рақамли йўл ҳаракатини бошқариш тизимини жорий этиш бўйича президент фармони лойиҳасини эълон қилганди. «Газета.uz»га ҳужжат кўплаб ойлар мобайнида ишлаб чиқилгани маълум. У илғор ва замонавий таклифлар туфайли илгари қабул қилинган ҳужжатлардан жуда катта фарқ қилади. Қарор шу билан қабул қилинмай қолиб кетди.

Ҳужжатда йўл ўтказгичлар ортиб бораётган трафик ва тирбандликни енгишга ёрдам бермаслиги тан олинган. Сўзма-сўз айтсак: «Шаҳар ичида қуриладиган барча йўл ўтказгичлар кейинги чорраҳаларда транспорт оқимини кескин ошиб кетиши ва тирбандликларни юзага келтиришга сабаб бўлмоқда».

Кейинги жумла: «Ушбу омилни инобатга олган ҳолда ҳамда илғор халқаро тажрибалардан келиб чиқиб, шаҳар марказига келадиган транспорт оқимларини чеклаш, уларни айланма йўлларга йўналтириш натижасида йўллардаги транспорт ҳаракат тезлигини кескин камайиб кетиши ва катта тирбандликлар ҳосил бўлишини олди олиш мумкин бўлади».

Ҳужжатда Тошкент ҳалқа йўли ичида йўл ўтказгичлар қурилишини тақиқлаш, йирик маълумотлар ва сунъий интеллектга асосланган илғор ечимларни жорий этиш, жумладан, транспорт оқимларини соддалаштириш учун ақлли светофорлар, тезликни пасайтириш орқали ҳаракатни тинчлантириш, юк машиналари ҳаракатини чеклаш, жамоат транспортини ривожлантириш ва бошқалар таклиф этилган.

Ушбу чора-тадбирлар, ҳисоб-китобларга кўра, тиғиз соатларда автомобиллар ҳаракатини тезлаштириш, марказдаги йўловчи транспорт воситалари сонини 20 фоизга камайтириш, йўл тармоғининг сиғими ва юк кўтариш қобилиятини ошириш, атмосферага зарарли чиқиндилар чиқишини камайтиришга мўлжалланган эди.

Таклиф этилаётган йўл ўтказгични қуриш юқорида айтилганларнинг барчасига зиддир. Барча ривожланган мамлакатларда шаҳар марказларида транспорт оқимлари чекланган, кўпаймайди.

3. Мазкур баёнот Ўзбекистон президенти томонидан бир неча йил аввал эълон қилинган йўл ҳаракати тизимида пиёдаларнинг устуворлиги тамойилига зиддир: «Пиёдалар — велосипедчилар — жамоат транспорти — шахсий автомобиллар». «Бизнинг йўлларимизда транспорт воситаларига кўп устуворлик берилган. Аслида пиёдалар ҳаракатини, одамларнинг ҳаловати, саломатлигини биринчи ўринга қўйиш керак», — деганди ўшанда Шавкат Мирзиёев. Ушбу тамойил йўл ҳаракати хавфсизлигига оид кейинги барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда қайд этилган, бироқ амалда унга риоя қилинмаган.

4. Шаҳарни лойиҳалаштиришнинг замонавий амалиёти кўчани транспорт майдони сифатида эмас, балки турли хил функциялар ва кўча фаолиятини ўзида мужассам этган шаҳар ҳаёти майдони сифатида кўради. «Бу кафелар, дўконлар, ресторанлар, умуман жамоат жойлари, шунингдек, у билан боғлиқ барча эҳтиёжлардир. Булар пиёдалар, ўз ишларига шошилаётган ёки сайр қилаётган талабалар, нафақахўрлар, ёш болали оналар — шу ерда қондириладиган фойдаланувчиларнинг кўплаб шаҳар портретлари ва уларнинг ҳар бирининг эҳтиёжлари масканидир», — деб ёзганди 2018 йилда «Газета.uz» учун колонкасида транспорт бўйича лойиҳалаштириш соҳасидаги мутахассис Илья Петушков.

Йўл ўтказгичлар ўз атрофида улкан ўлик макон яратади, аслида у жонли бўлиши ва одамларни ўзига жалб қилиши мумкин. Қурилиш пайтида атрофдаги дарахтлар кесилиб кетиши мумкин, пиёдалар йўлакчалари ҳам қайтадан қилинади. Шу билан бирга, чорраҳа яқинида жойлашган тарихий бинолар билан нима содир бўлиши ҳам номаълум.

«Уч томонида беқиёс тарихий бинолар жойлашган ушбу чорраҳа ва йўл ўтказгич шунчаки уларнинг буюклиги, кўрки ва кўримлилигини «ўлдиради», — деб ҳисоблайди «Тошкент ҳақида мактуб» сайти асосчиси Евгений Скляревский.

5. Йўл ўтказгичлар транспорт кесишмасининг энг қийин ва энг қиммат ечимидир. Мутахассислар шундай дейишни ёқтиришади: «Чорраҳа ўрнига йўл ўтказгич қуриш — бу тирбандликни 100 метр олдинга судраб боришнинг энг қиммат усулидир».

Шу сабабли, тажрибали ва саводли мутахассислар, шу жумладан мустақил мутахассисларни жалб қилган ҳолда, бундай қарор қанчалик тўғри эканлигини диққат билан тушуниш, шунингдек, ушбу қарорни амалга ошириш қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлигини таҳлил қилиш зарур. Йўл ўтказгични қуриш ва уни йиллик сақлаб туриш учун сарфланадиган маблағлар муҳимроқ лойиҳалар учун сарфланиши мумкин.

Сўнгги йилларда Тошкент (Собиқ ТАПОиЧ заводи олдидаги уч қаватли ўтиш йўли, Шота Руставели ва Муқимий кўчасидан ўтган йўл ўтказгич, ҳозирги «Наврўз» боғи олдидагиси, «Ганга»даги чорраҳа) ва бошқа шаҳарларда (Самарқанд, Урганч) қурилган кўплаб чорраҳалар ҳайдовчилар ва (айниқса) пиёдалар ҳисобга олинмаганлиги ва ноқулайлиги билан ажралиб туради.

6. Президент топшириғи билан Тошкент учун кўп йиллар олдин амалга оширилиши керак бўлган минглаб катта ва айниқса катта сиғимли автобусларни харид қилиш аҳолига транспорт хизматини кўрсатишни тубдан яхшилади. Ажратилган йўлаклар, барқарор транспорт жадвали ва кондиционерлар илгариги тор, иссиқ ва тутунли минибусдан кўра таксини афзал кўрган кўплаб аҳолини жалб қила олди. Бу тўғри ечим ва талабни бошқариш усулининг яққол намунасидир — одамларга яхшироқ муқобил транспорт таклиф қилинди ва улар шуни танладилар.

Расмийлар олдинга боришлари ва «трамвай»сўзидан қўрқишни тўхтатишлари керак. Бу сўз (ёки, эҳтимол, замонавийроқ ва жозибалироғи — LRT) кун тартибига қайтиши лозим. Давлат идоралари ва мутахассислари ташаббус билан чиқишдан қўрқиб, президентнинг ўзи эълон қилишини йиллар давомида кутишган — аслида бундай бўлмаслиги керак. Трамвайнинг йўқ қилиниши унга сунъий равишда юклатиб қўйилган муаммоларнинг биронтасини ҳал қилмади. Шаҳардаги вазият ёмонлашса, ёмонлашдики, яхшиланмади. Агар Тошкент замонавий шаҳар бўлишни истаса, LRT масаласи барча каналлар орқали зудлик билан муҳокама қилиниши керак.

Навоий — Ботир Зокиров чорраҳаси ўз вақтида барча йўналишларда трамвай ва троллейбуслар оқимини мукаммал тарзда уддалай олганди.

Шошилинч вақтинчалик чора сифатида, амалга ошириш ваъдалари бир неча йиллардан бери янграётган, Беруний — Навоий — Шота Руставели кўчалари бўйлаб BRTдан бошлаш мумкин. Кўчаларни тирбандликдан фақат ривожланган жамоат транспорти, автомобиллар сонини чеклаш, пиёдалар ва велосипедчилар учун шароит яратиш қутқаради (фақат аллақачон қурилган бетон велойўлаклар эмас).

7. Муҳокама қилинаётган чорраҳа яқинда тўлиқ реконструкция қилинганди. Лойиҳага (кеч босқичда) Аркадий Гершман ва транспорт муҳандиси Александр Девяткин лойиҳага жалб қилинганди. Чорраҳа ушбу йўлнинг бошқа чорраҳалари сингари, ақлли светофорлар билан жиҳозланган. «Газета.uz»да мавжуд маълумотларга кўра, реконструкция қилинган чорраҳаларда йўл-транспорт ҳодисалари деярли учрамаяпти ва уларнинг ўтказувчанлиги режалаштирилганидек ошди.

2022 йилда айнан «Газета.uz»нинг президентга мурожаат Навоий кўчасини шоссега айланиб қолишидан қутқариб қолди ва мансабдорларни реконструкция лойиҳасини тўлиқ қайта кўриб чиқишга ундади.

Умид қиламизки, ушбу мурожаат ҳам давлат раҳбарига етиб боради ва лойиҳа қайта кўриб чиқилади, ундан ҳам яхшиси — бутунлай бекор қилинади, чунки шаҳар марказида кўп даражали йўл ўтказгичларга ўрин йўқ. Юз минглаб одамларнинг ҳаётига бевосита таъсир қиладиган қарорлар шу одамларнинг ўзлари билан муҳокама қилиниши керак.

Июль ойи бошида Шавкат Мирзиёев пойтахтда бўлиб ўтган сайловолди ташвиқотида сўзга чиқиб, Тошкентда «илғор хорижий тажриба асосида» тирбандлик кузатилаётган кўчаларда 12 та йўл ўтказгич қурилиши ҳақида гапирганди. «Газета.uz» расмийлар қурилиши режалаштирилаётган жойларни олдиндан эълон қилиши ва уларнинг ҳар бири бўйича жамоатчилик муҳокамаларини ўтказишлари шарт деб ҳисоблайди.