Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан президентликка номзод Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри сайловчилари билан учрашди. Учрашувда номзод сайловчиларни ўзининг сайловолди дастуридаги жамоат транспорти билан боғлиқ бандлари билан таништирди.

«Пойтахтда экологик барқарорликни таъминлаш, уни тоза ҳаволи мегаполислардан бирига айлантириш ишларини жадаллаштирамиз. Шу боис, 2030 йилга қадар ҳавога чиқариладиган зарарли газлар миқдорини 150 минг тонна ёки 50 фоизга қисқартирамиз», — деди номзод.

Унинг қайд этишича, шаҳарга қўшимча 1200 та электробус олиб келинади ва уларнинг жамоат транспортидаги улуши 50 фоизга етказилади.

«Қолган автобуслар зарарли чиқиндиси 3 баробар кам бўлган табиий газ ёқилғисига ўтказилади. Яъни, дизель ёқилғисида ҳаракатланадиган бирорта автобус қолмайди», — деди номзод.

Номзоднинг таъкидлашича, йўл-транспорт бошқарувини рақамлаштириш ҳисобига «хавфсиз ва равон йўл» тамойилини ҳам кенг жорий қилинади.

Бунда, илғор хорижий тажриба асосида тирбандликни камайтириш мақсадида:

  • барча чорраҳаларда (605 та) «ақлли чорраҳа» ва «ақлли светофор» бошқарув тизими амалга киритилади (ҳозир — 64 та);
  • шаҳарга 5 та кириш жойида ва йўловчи оқими юқори бўлган 6 та метро бекати атрофида кўп қаватли автотураргоҳлар ташкил қилинади;
  • тирбандлик юқори бўлган кўчаларда 12 та йўл ўтказгич қурилади, йўллар бўйида 3 минг ўринга эга замонавий паркоматлар ўрнатилади.

«Аҳолига янада қулайлик яратиш мақсадида, Дўстлик метро бекатидан «Янги Тошкент»га қадар узунлиги 15 километр бўлган, 115 минг йўловчи ташиш қувватига эга ер усти метро ёки трамвай линияси тортилади», — деди номзод.