Ўзбекистонда илк бор минимал истеъмол харажатлари қийматининг дастлабки ҳисоб-китоблари амалга оширилди, дея хабар берди Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги матбуот хизмати. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, Ўзбекистонда бир киши учун минимал истеъмол харажатлари 440 минг сўмни ташкил этади.

Минимал истеъмол харажатлари озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари, шунингдек хизматларга бўлган кунлик эҳтиёжларни ҳисобга олади.

Мазкур кўрсаткични ҳисоблашда қуйидагилар ҳисобга олинди:

  • давлатнинг моддий ва бошқа ижтимоий кўмакларига муҳтож аҳолининг мақсадли (таргет) гуруҳини аниқлаш учун мўлжал кўрсаткични жорий этиш;
  • минимал истеъмол харажатларидан камбағаллик чегарасини белгилашда фойдаланиш ва бунда таргет гуруҳдаги аҳолининг реал истеъмол хусусиятлари ва талабларини инобатга олиш;
  • камбағаликка қарши курашиш стратегияси ва дастурларида белгиланган вазифа ва чора-тадбирларнинг натижадорлиги ҳамда манзилилигини ошириш, шунингдек уларнинг доимий мониторингини юритиш.

Минимал истеъмол харажатларини ҳисоблаш учун 2020 йилда республиканинг барча ҳудудларидан танлаб олинган 5 400 та уй хўжаликларида сўровнома ўтказилди. Ушбу оилалар 10 та гуруҳга бўлинди ва ушбу оилалар орасидан энг кам харажат ва даромадга эга бўлган 30% уй хўжаликлари ажратиб олинди.

Сўровнома натижасида олинган маълумотлар асосида мазкур оилаларда жон бошига кунлик истеъмол қилинадиган озиқ-овқат (2200 ккал) ва зарур бўлган ноозиқ-овқат товарлар ҳамда хизматлар учун минимал истеъмол харажатлар бир ойда киши бошига (2021 йилдаги нархлар ўзгаришини инобатга олган ҳолда) камида 440 минг сўмни ташкил этиши ҳисоб-китоб қилинди.

Ҳисобланган минимал истеъмол харажатларининг жон бошига тўғри келадиган ялпи ички маҳсулотга нисбати (ЯИМ) 26,8 фоиз бўлиб, мазкур кўрсаткич ривожланаётган мамлакатларда асосан 4−20 фоизни ташкил этади.


Бу дастлабки рақамлар ҳисобланади. 2021 йилда тажриба давом этади ва яна 10 минг хонадон билан суҳбат ўтказилади. Уларнинг натижаларига кўра, йил охирига қадар истеъмолчиларнинг минимал харажатларини ҳисоблаш методологиясини тасдиқлаш ва унинг қайта ҳисобланган миқдорини нашр этиш режалаштирилган.