Ўзбекистонда 2023 йил учун минимал истеъмол харажатлари июль ойида эълон қилинади. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири Статистика агентлиги вакиллари иштирокида АОКАда ўтказилган матбуот анжуманидан хабар берди.

Расмийларга кўра, бу йил аввалги йилдагидан фарқли равишда кўпроқ товар ва хизматлар турлари бўйича кузатувлар ўтказилган. Кўрсаткични қайта ишлаш жараёни кўпроқ вақт олгани учун уни йил ярмида эълон қилиш белгиланган.

Ўзбекистонда 2021 йилгача минимал истеъмол харажати ҳисоб-китоби амалга оширилмаган. 2021 йилда Вазирлар Маҳкамасининг минимал истеъмол харажатлари қийматини ҳисоблаш тўғрисидаги қарори қабул қилинган. Ҳужжат бўйича 2021 йилда бутун республика бўйича 10 мингтадан ортиқ уй хўжалигида кузатув ўтказилган. Бу кузатувлар натижасида 80 дан ортиқ озиқ-овқат маҳсулотлари, 100 дан ортиқ ноозиқ-овқат маҳсулотлари ва хизматлар статистик маълумотлари йиғиб олинган.

Шу йилнинг ўзида маълумотлар Жаҳон банки экспертлари, Статистика агентлиги ва ўша вақтдаги Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги томонидан эълон қилинган. Унга кўра, минимал истеъмол харажатлари 2021 йил нархларида 440 минг сўмни ташкил этган.

2022 йилда эса бир киши учун минимал истеъмол харажатларининг янги миқдори 13,2 фоизга ошиб, 498 мингни ташкил этди.

Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси таклифига биноан 2022 йилда 14 мингтадан ортиқ уй хўжалиги кузатувлари ўтказилган ва озиқ-овқат маҳсулотлари сони 159 тагача, ноозиқ-овқат ва хизматлар 413 тагача кўпайтирилган. Бунинг натижасида минимал истеъмол харажатларини эълон қилиш муддати 2023 йил июль ойи этиб белгиланган.

«Ҳозирги кунда ҳисоб-китоблар амалга оширилди. Июль ойида эълон қилиш режалаштирилган. Чунки аввалги йилдаги кузатув билан бу йилги кузатув орасида фарқ бор. Статистиканинг асосий қоидаларидан бири бу маълумотларнинг солиштирма бўлиши ҳисобланади. Ҳозирги кунда янги ўрганилган уй хўжаликлари маълумотларига таяниб, аввалги эълон қилинган кўрсаткичларга солиштириш имкониятига эга бўладиган услуб асосида шаклланган кўрсаткични қайта ишлаш жараёни бироз вақт олиши нуқтаи назаридан бу [маълумотни эълон қилиш] статистика дастурида июль ойида белгиланган», — деди агентлик бошқарма бошлиғи Одилжон Мамадалиев.

Кўрсаткич қачон эълон қилиниши керак?

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 27 августдаги қарорига асосан Давлат статистика қўмитаси минимал истеъмол харажатлари ва камбағаллик даражасини ҳар йилги ҳисобот йилида инфляция даражасидан келиб чиқиб, кейинги йилнинг 20 январига қадар эълон қилиб бориши белгиланган.

Лекин Вазирлар Маҳкамаси 2023 йил 27 февралда яна бир қарор қабул қилган бўлиб, у билан 2023 йил учун Статистика дастури тасдиқланган. Мазкур дастурда минимал истеъмол харажатларини эълон қилиш муддати этиб 2023 йил июль ойи белгиланган.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисидаги қонунга мувофиқ, тенг юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўртасида тафовутлар бўлган тақдирда, кейинроқ қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжат қоидалари амал қилади.

Минимал истеъмол харажатлари нима учун ишлатилади?

Минимал истеъмол ҳаражатлари уй хўжаликларининг реал истеъмол қийматлари ва таркибини ўрганиш асосида уларнинг соғлом ҳаёт кечиришлари учун зарур бўлган озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлар ҳамда хизматлар учун минимал харажатларнинг ҳисобланган қиймати ҳисобланади. Вазирлар Маҳкамаси қарори бўйича минимал истеъмол харажатларидан камбағаллик мезони ёки чегараси сифатида фойдаланилади. Ижтимоий ҳимоя ягона реестри ахборот тизими орқали оилани кам таъминланган деб эътироф этиш жараёнида қўлланадиган ва жон бошига тўғри келадиган бир ойлик даромад мезони минимал истеъмол харажатларига тенглаштирилади.