Ўзбекистонлик икки футзалчи йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ҳалок бўлди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги вилоят Футбол ассоциацияси матбуот хизматига таяниб хабар қилди.

Қайд этилишича, 15 июль куни Жиззах вилоятининг «Жиззах Нур» ва Сирдарё вилоятининг «Гулистон» жамоалари ўртасида Тошкент шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган учрашувга кетаётган 27 ёшли футзалчи Жасур Абдулакимов бошқарувида бўлган Cobalt автомобили ва Gentra иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.

Ҳодиса оқибатида автомобиль салонида бўлган 27 ёшли Жасур Абдулакимов ва Шаҳзод Сиддиқов вафот этган. Шунингдек, улар билан бирга машинада бўлган жамоадоши 18 ёшли Давлат Ибрагимов олган тан жароҳатлари билан вилоят шошилинч тез тиббий ёрдам илмий марказига олиб борилган. Ҳозирда унинг ахволи ўта оғирлиги айтилмоқда.

Аввалроқ, Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманида Lacetti ва Cobalt тўқнашиши оқибатида икки ҳайдовчи воқеа жойида ҳалок бўлгани, учта йўловчи шифохонанинг жонлантириш бўлимига ётқизилгани хабар қилинганди.