Юй Цзюнь Хитойнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланди. Хитой элчихонасининг расмий сайтида унинг табрик сўзи келтириб ўтилган.

Дипломат 1972 йил август ойида туғилган, Хитой Коммунистик партияси аъзоси, олий маълумотли. Ташқи ишлар вазирлигининг тегишли бошқарма ва идораларида, шунингдек, хориждаги элчихоналар ва консулликларда фаолият олиб борган.

Янги элчи ўзининг табрик сўзида элчихона «Ўзбекистон жамиятининг хайрихоҳ вакиллари билан ҳамкорликда иш олиб бориши, икки давлат раҳбарлари ўртасидаги муҳим келишувларни фаол амалга ошириши, ривожланиш стратегияларини келишишга ҳисса қўшиши, ўзаро дўстона алмашинувларни рағбатлантириши»ни таъкидлади.

Элчихона берган хабарда турли соҳаларда ҳар томонлама ўзаро манфаатли ҳамкорликни чуқурлаштириш ва доимий асосда ўзаро англашув ва икки халқ ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлаш, янги даврда Хитой-Ўзбекистон ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантиришга кўмаклашиш ҳақида ҳам сўз борган.

12 июль куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Юй Цзюндан ишонч ёрлиқлари нусхаларини қабул қилиб олди.

Хитойнинг Ўзбекистондаги аввалги элчиси Цзян Янь шу йил бошида ўзининг 5 йиллик дипломатик миссиясини якунлаганди. У икки томонлама ҳамкорликни замонавий даражага кўтаришга қўшган шахсий ҳиссаси учун шахсан Ўзбекистон президенти томонидан топширилган «Дўстлик» ордени билан тақдирланган.