Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев сешанба куни мамлакатга хорижий сармояларни жалб этиш масалаларига бағишланган йиғилишда якшанба куни бўлиб ўтган сайлов якунларини сарҳисоб қилар экан, «донишманд халқимиз жуда катта сиёсий тадбирни юқори савияда, ёруғ юз билан ўтказди», дея таъкидлади. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.

«Янгиланган Конституция асосида бўлиб ўтган сайловларда фуқароларимиз юксак уюшқоқлик кўрсатиб, ўзларининг сиёсий маданияти ва фаоллигини намоён қилди ва буни жаҳон ҳамжамияти ҳам эътироф этди», — дея президентдан иқтибос келтирди унинг матбуот котиби.

«Биз барчамиз Ўзбекистон деган қадимий, гўзал ва бетакрор юрт фарзандларимиз. Шу қутлуғ заминда яшаётган 130 дан ортиқ миллат ва элат вакилларининг бугунги ҳаёти, тақдири ва келажаги ҳам бир», — деди Шавкат Мирзиёев.

«Барчамиз учун Ватан ва халқ манфаатлари муқаддас ва энг устувор мақсаддир. Сайлов жараёнида ҳаммамиз учун муштарак бўлган ана шундай улуғ ғояларни етакчи ўринга қўйган барча номзодларга ўз ташаккурларимни айтаман», — деди президент.

Давлат раҳбари «сайловда фаол иштирок этган, ўзининг хоҳиш-иродаси, юксак сиёсий онги ва ҳуқуқий маданиятини яққол намоён этган, кенг кўламли демократик ислоҳотларни қўллаб-қувватлаб келаётган» барчага ҳурмат-эҳтиромини билдирди.

«Бор билим ва тажрибамни, куч-ғайратимни меҳнаткаш, мард ва олижаноб халқимизнинг менга билдирган юксак ишончини оқлаш учун сафарбар этишга, бу йўлда, керак бўлса, жонимни ҳам фидо қилишга тайёрман», — деди Шавкат Мирзиёев.

Президент сайловни юқори савияда ташкил этгани учун Марказий сайлов комиссиясига, тинчлик ва осойишталикни таъминлаётган ҳуқуқ-тартибот идораларига, шунингдек, сайлов жараёнларини холисона баҳолаб, ҳаққоний ёритаётгани учун маҳаллий ва хорижий кузатувчилар, журналистларга миннатдорлик билдирди.