Жиззах вилояти Зафаробод туманидаги «Ёрқин» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ўтказилган навбатдаги профилактик рейд давомида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг Жиззах вилояти ҳудудий бошқармаси инспекторлари томонидан дарахтларнинг ноқонуний кесилгани аниқланди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар қилди.

Маълум бўлишича, Сирдарё вилоятида яшовчи шахс тегишли рухсатномасиз жами 3 туп игнабаргли дарахтларни ноқонуний кесиб, «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги қонуннинг 4, 37 ва 49-моддаларини бузган.

Мазкур ҳолат юзасидан фуқарога нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддаси 1-қисми (Дарахтларни, буталарни, бошқа ўсимликларни ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесиш) билан баённома тузилиб, 1 650 000 сўм миқдорида жарима солинди. Шунингдек, ҳуқуқбузар ўсимлик дунёсига етказилган 25 миллион 740 минг сўм зарарни ҳам тўлаши таъкидланган.